Мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари отилган, қувғун-у қатағонга дучор этилган аждодларимизнинг номини оқлаш йўлида навбатдаги иш амалга оширилди.

Бу ишларнинг барчаси президентнинг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишида белгилаб берилган йўналишда олиб борилмоқда.

Олий судда муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳи тузилган. Сўнгги икки йилда совет даврида қатағон қилинган 235 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди, дейилади Олий суд маълумотномасида.

2022 йил 12 декабрь куни Олий судга яна жами 173 нафар шахсга оид 4 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган.

19 декабрь куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда ЖПКнинг 83-моддасига асосан жами 4 та жиноят иши бўйича 173 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.

2022 йил 19 декабрь куни Олий суднинг ҳукми билан реабилитация қилиниб, оқланган қатағон қурбонлари рўйхати.

1. Марказий Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ. Учлик йиғинининг 1931 йил 12 октябрдаги махсус йиғилиш қарорига кўра Сурхондарё вилоятида яшаган 147 нафар шахс Ўзбекистон ССР ЖКнинг (эски таҳрирдаги) 63, 66 ва 78-моддалари билан айбдор деб топилиб, турли муддатларга концлагерга сургун қилинган: