Украинага қарши давом этаётган уруш фонида Россия Давлат думаси учинчи, якуний ўқишда қўпорувчилик учун умрбод қамоқ жазоси тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. «Диверсия фаолиятини рағбатлантириш, ёллаш ёки бошқа йўл билан амалга ошириш, шунингдек, қўпорувчиликни молиялаштирганлик учун умрбод қамоқ жазоси берилади», — дейилади 21 декабрь, чоршанба куни Россия парламенти қуйи палатаси сайтида эълон қилинган хабарда.
Диверсия гуруҳини тузганлар ва қўпорувчилик учун тайёргарликдан ўтганлар ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Диверсия гуруҳида иштирок этганлик учун суд 10 йилгача, «қўпорувчиликка шериклик» учун эса 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинлаши мумкин.
Қонун лойиҳаси Давлат думасига 8 декабрь куни киритилган. Унинг муаллифлари Давлат думаси раиси Вячеслав Володин, «Ягона Россия» фракциясининг барча депутатлари, Россия Коммунистик партияси раҳбари Геннадий Зюганов, Либерал-демократик партия раҳбари Леонид Слуцкий, «Адолатли Россия – Ҳақиқат учун» партияси раҳбари Сергей Миронов ва «Янги одамлар» раҳбари Алексей Нечаев. 14 декабрь куни қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Володин ўшанда буни «мамлакат мудофааси учун зарур бўлган принципиал муҳим қадам» деб атади, чунки Россия ҳозирда Украинага қарши уруш олиб бормоқда, қочқинларни қабул қилмоқда ва чет эл фуқароларининг кириши ҳамда чиқиши учун очиқ қолмоқда. «Диверсантлар учун жазо имкон қадар қаттиқроқ бўлади», деб ваъда берди Вячеслав Володин.











