Мирзо Улуғбек туманидаги Алпомиш маҳалласи ҳудудида жойлашган, маҳаллий аҳоли тилида “Тоҳир” номи билан аталадиган боғга “ҳужум” бошланди: боғ ўрнида офис бинолари қурилиши кутиляпти.


Қарийб 40 йиллик тарихга эга мазкур боғда 1 500 тупга яқин манзарали ва мевали дарахтлар бор. “Яшил макон” миллий ҳаракати доирасида ҳудуд аҳолиси томонидан юзлаб ниҳоллар ўтқазилган. 1,8 гектарни эгаллаган боғда болалар ва спорт майдончалари ҳам бор.
2019 йилда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарори билан боғнинг 40 сотих майдони “ABIS-AG” МЧЖга офис бинолари қуриш учун берилган. Аммо ҳоким қароридан на одамларнинг, на туман экология бўлимининг, на маҳалла раисининг хабари бўлган.

“Боғда аҳолининг ҳомийлик маблағлари эвазига шу йил суғориш тизими янгиланди, йўлаклар қурилди, ниҳоллар ўтқазилди. Бу боғ аҳоли учун дам оладиган гўзал маскан. Ҳеч ким ҳалигача бирорта ҳужжат кўтариб келмаганди: кеча аҳоли йиғилганидан кейин бу ер кимгадир берилгани бизга маълум бўлди”, – дейди Алпомиш маҳалласи раиси Барно Қўлжонова.

Мирзо Улуғбек тумани экология бўлими бошлиғи Камол Бектургановнинг таъкидлашича, боғ ҳудудида қурилиш қилиш учун экология бўлими томонидан ҳеч қандай хулоса берилмаган:
“Тошкент шаҳар ҳокимининг қароридан тахминан 15-20 кун аввал хабар топдик. Бу ҳудудда қурилиш қилиш учун экология бўлими томонидан ҳеч қандай экспертиза хулосаси тақдим этилмаган. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, бу ерда 1000 тупдан ортиқ манзарали дарахт ҳамда 300 дан зиёд буталар бор. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида бу ерда 500 тупдан ортиқ кўчат экилди ва уларнинг барчаси махсус платформага киритилди. Маҳалла раисига қурувчи ташкилотга тақдим қилиши учун огоҳлантириш хатлари бердик”.







