Тошкент шаҳрида 475 кмга яқин 34 та алоҳида автобус йўлакчалари ташкил этилади. Хусусан, яқин бир ҳафта ичида Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли сингари марказий кўчалар бўйлаб, қолган кўчаларда эса 1−2 ой ичида ана шундай йўлакчалар тўлиқ йўлга қўйилади. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқарма бошлиғи Фазлиддин Тошкенбоев маълум қилди.
Мулозимнинг сўзларига кўра, йўлакчаларда автобуслардан ташқари фақатгина тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва ИИВ автомобиллари ҳаракатланиши мумкин. Қолган автотранспорт воситаларига эса ҳаракатланиш тақиқланади ва бу тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
“Аммо ҳар қандай автомобилга маълум сабабга кўра, масалан, йўл ёқасидаги объектларга ёки кўчага кириш учун ушбу йўлакда фойдаланишга рухсат этилади. Бунда тегишли жойлар пунктир (узуқ чизиқ) билан ажратилади. Бу йўлакча ташкил этилаётган даврда ҳаммаси ҳисобга олинади”, – дейди Фазлиддин Тошкенбоев.
ЙҲХХ алоҳида ажратилган тасмаларда ҳаракатланиш ёки тўхташ тартиби бўйича видеойўриқнома эълон қилди. Унда айтилишича, ҳайдовчилар йўловчини йўл бўйида тушириш ёки олиш учун автобусларга ҳалақит бермаган ҳолда улар учун мўлжалланган бўлакка кириши ва тўхташи мумкин, лекин йўловчи автомобилдан тушиб ёки автомобилга чиқиб бўлгач, ортиқча тўхтаб турмай, алоҳида ҳаракат бўлагини тарк этиши керак.
Маълум қилинишича, йўналишли транспортлар учун алоҳида ҳаракатланиш бўлаклари бир йўналишда камида 3та ҳаракатланиш бўлаги бор кўчаларда ташкил этилади.











