Шу пайтгача бир нечта илмий мақола чоп қилган, сўнгги бир йилдан ошиқ давр ичида ўз соҳасида етакчи бир илмий журнал таҳририяти аъзоси ҳисобланувчи Шерзод Мўминов Twitter’да ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

Гарчи, соҳалар орасида фарқлар бўлса-да, у ҳуманитар фанлар, хусусан, янги тарих/шарқшунослик борасида илмий мақола қандай ёзилиши ва чоп этилиши ҳақида ўз тавсияларини берди. Бу илмий ишлар билан шуғулланаётган ёки келажакда шуғулланишни ният қилган ўқувчиларимизга қизиқ бўлади.

«Албатта, менинг билганларим ва тажрибам чегарали. Кейин, бу ёзганларим барчага бирдек тегишли ё қизиқ бўлмайди. Тредим сўнгида чоп қилинган мақолаларимга ҳавола бераман, ўқиб кўриш имконингиз бўлади», дейди Ш.Мўминов.

Содда қилиб айтганда, мақола соҳангизда яратаётган янгилигингизни ҳамкасбларингиз, маълум доирадаги мутахассислар билан илк бўлишишнинг энг мақбул йўлидир.

Бунинг бошқа йўллари ҳам бор, масалан, конференцияда маъруза қилиш. Яъни, мақола — тадқиқот натижалари билан расман бўлишиш воситаси. Асл моҳияти ҳам айнан шунда. Илм соҳаси натижаларга асосланган, нашр қилинган ишлар «маҳсулот» саналадиган, режалар белгиланадиган бўлгани сари, мақолалар тадқиқотчининг обрўси ё мавқейини белгилайдиган бўлган.

Кўпинча қоралама шаклида бўладиган конференция маърузасидан фарқли ўлароқ, мақола озми-кўпми тугалланган, сайқал берилган шаклда бўлади. Бунинг учун у бир неча «чиғириқ»дан ўтиши керак. Бу босқичлардан энг муҳими — «peer review» бўлиб, уни ўзбекчага «мутахассис баҳоси» деб ўгирса бўлар.

Нимадан бошланади?

Мутахассис баҳосигача йўл узоқ, шунинг учун бошидан бошлайлик. Айтайлик, сиз тарихчисиз ва архивлардан бир нечта янги ҳужжат топдингиз. Буларни ўзингизнинг олдинги изланишларингиз, бошқаларнинг ёзган мақола-ю китобига асослаб, ёки қиёслаб, янги сўз айта олишингизни тушундингиз.

Бу янги сўзингиз, мисол учун, тарихнинг тўлиқ тушунилмаган, ёки (сизнингча) нотўғри талқин қилинган саҳифаларига ойдинлик киритиши, ёки янги топилмалар ёрдамида олдин «А» деб ўйлаб келинган нарса аслида «B» эканини исботлай олиши мумкин. Хўш, буларни бошқаларга қандай билдирасиз?