Россия Украинага бостириб киргандан бери юзлаб болаларнинг ота-оналари ҳалок бўлди ёки бедарак йўқолди. Яна беш мингга яқин вояга етмаганлар эса ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ бошқа сабабларга кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлди. Бу ҳақдаги маълумотларни Украина миллий ижтимоий хизмати BBC нашрига тақдим этди.

Фото: ANADOLU AGENCY

Ота-онасиз қолган уруш фарзандларининг тақдири қандай кечяпти, улар ҳозир қаерда? Уруш Украинадаги болаларни асраб олиш жараёнига қандай таъсир қилмоқда? Босиб олинган ҳудудлардан Россияга олиб кетилган минглаб болалар келажаги нима бўлади? BBC нашри журналистлари шу саволларга жавоб излади.

Богдан. Қўшниларидан қочиб, онаси вафот этган жойга борган болакай

Бахмутлик 8 ёшли Богдан Украинадаги уруш сабаб етим қолган 1128 нафар боланинг бири.

Онаси отишма пайтида вафот этган қариндошининг дафн маросимига кетганида у қўшниларнинг уйида қолган эди.

Аммо йўлда Богданнинг онаси ва у билан бирга бўлган одамлар янги отишма ичида қолади. Улар снаряд парчалари остида ҳалок бўлади. Богданнинг онаси етти ойлик ҳомиладор эди. Онаси билан бирга Богданнинг ўгай отаси ҳам вафот этади.

Полиция маълумотларига кўра, уларнинг жасадлари бир неча кун кўчада қолган. Чунки Россия ҳужумни тўхтатмаган ва жасадларни ракета ҳамда снарядлар ёмғири остидан олишнинг иложи бўлмаган.

Богдан онаси ва ўгай отаси вафот этганидан хабар топгач, қўшниларидан яширинча велосипедини олади ва ота-онаси ҳалок бўлган ерга боради.

Богдан катта шокни бошдан кечирди. Ҳозирда у хавфсизликда. Фото: Украина миллий полицияси

Ҳуқуқ-тартибот органлари болакайни вайронага айланган, ҳамон ўққа тутилаётган шаҳардан қидириб топади ва хавфсиз ҳудудга олиб кетади.

Кейинроқ Богданни уни ва унинг марҳум онасини танийдиган аёлга топширишади. «Аёл Киев областига эвакуация қилинди», дейди Донецк области давлат маъмуриятининг болалар хизмати раҳбари Наталя Тимофеева.