“Бугун кўнглимдаги битта ниятимни сизларга очиқ айтмоқчиман. Менинг катта ниятим – юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин”, деди президент Мирзиёев сешанба куни парламент ва халққа қилган мурожаатида.
Давлат раҳбари кейинги йилда энг йирик 10 та компания ва тижорат банкларининг акциялари Ўзбекистоннинг ўз аҳолиси учун “очиқ ва шаффоф савдога” чиқарилишини айтди. “Бу чинакам халқ IPO'си бўлишига ишонаман”, деди у.
Хўш, халқ IPO’си нима? Нима учун бу бугунга келиб муҳим бўлиб қолди?
Ундан ташқари, мақолада қуйидаги саволларни ҳам кўриб чиқамиз:
- Халқ IPO’сининг компанияларга фойдаси?
- Давлатга бундан нима наф?
- IPO’лар сармоя қилувчи одамлар учун нима беради?
- Одамларимизнинг IPO’лар ортидан акцияларни харид қилгани пули борми?
- Ўзбекистонда халқ IPO’си қилган компания борми ўзи? Бўлса, акциялари неча пулдан сотиляпти?
IPO, яъни Initial Public Offering (бирламчи оммавий таклиф) компаниялар ўз акцияларини биринчи марта кенг жамоатчилик учун сотувга чиқаришидир. Халқ IPO’си деганда эса компания акциялари чет эллик инвесторлар эмас, биринчи навбатда маҳаллий аҳоли учун савдога қўйилиши назарда тутилади.
Халқ IPO’си мамлакат иқтисодиёти ривожланиши йўлида халқ қўлидаги пул маблағларини жалб қилишнинг бир усулидир. Аҳолимиз сони, унинг молиявий саводхонлиги ошиб бораётганини ҳисобга олсак, ҳиссадорлар келишган ҳолда компанияларнинг бир қисмини миллионлаб улушларга бўлиб, чакана (retail) инвесторларга пуллаши – юз минглаб доллар “арзон пул”ни (бу ҳақда пастроқда) олиб келади.
Давлатга бундан нима наф?
Халқ IPO’си ва умуман IPO’ларнинг давлатга фойдаси шундаки, компаниялар ҳозирги ва бўлажак инвесторлари олдида ҳисобдор ва шаффоф бўлишга мажбур бўлади. Шунинг учун улар ҳисоб юритиш тизимларини ислоҳ қилиб, замонавий технологиялардан фойдаланади.
Албатта, бу маҳаллий қимматли қоғозлар бозорининг илдамлашига туртки бўлади. Ўзбекистондаги капитал танқислиги кўпчилик ишбилармонлар ҳам, топ менежерлар ҳам чуқур англайдиган ҳақиқат. Чет элдан инвесторларни чорлаш учун суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари ва қонун устуворлиги билан биргаликда, фаол маҳаллий фонд биржаси бўлиши аҳамиятлидир.
















