Нарх чегараси бўйича шартномага қўшилган давлатларга нефт сотишга тақиқ 2023 йил 1 февралдан кучга киради. Путиннин фармонида Россия нефт етказиб беришни тўхтатувчи давлатлар рўйхати йўқ. Қолаверса, Путин алоҳида бандда ушбу фармонни четлаб ўтиш учун махсус рухсатнома бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган.
2 декабр куни G7 давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари Россия нефтининг максимал нархи чегарасини расман тасдиқлади. Ушбу келишув Европа Иттифоқи энг юқори нарх 60 доллар бўлишига розилик билдирилгандан сўнг дарҳол имзоланди.
«Бу қарор Россия Украинага қарши тажовузкор урушдан фойда кўришига йўл қўймаслик учун қабул қилинган», дейилади баёнотда. Бироқ айни пайтда «жаҳон энергия бозорлари барқарорлигини қўллаб-қувватлаш» ва Россия босқинининг «салбий иқтисодий оқибатларини минималлаштириш» кўзлангани ҳам қўшимча қилинган.
Мавҳум жавоб чораси
Владимир Путиннинг Россия нефтига максимал нарх жорий этишга жавоб бериш тўғрисидаги фармони иложи борича умумий тарзда ёзилган. Фармонда бу чеклов қандай ишлаши ва умуман ишлаши аниқ кўрсатилмаган. Ҳужжат нефт етказиб бериш бўйича шартномаларда нефт нархининг юқори чегараси механизми тўғридан тўғри ёки билвосита назарда тутилган» бўлса нефт ва нефт маҳсулотларини якуний харидорга етказиб беришни тақиқлайди. Россия расмийлари харидор билвосита чекловларга риоя қилаётганини қандай билиши ёки тушуниши номаълум.
Россия унинг нефти нархига максимал қиймат белгиланишига жавоб тайёрлаётгани ҳақидаги хабарлар ОАВда декабр ойи бошидан тарқалганди. Ва хабарлардан бу жавоб чорасида нимадир нотўғри экани маълум бўлди.
Декабр ойи бошида Bloomberg ўз манбаларига таяниб, иккита аниқ чора ҳақида ёзди. Биринчиси, расмийлар Россия нефтининг минимал нархини белгиламоқчи эди. Яъни нефтни ушбу нархдан арзон сотиш тақиқланади. Иккинчидан, максимал чегирмани белгилаш имконияти муҳокама қилинган. Яъни Россия нефти Brent ва бошқа халқаро нефт навларидан қанчалик арзон бўлиши мумкинлиги. Бундай чоралар, назарий жиҳатдан, ҳақиқатан ҳам санкцияларга қўшилган давлатларга нефт етказиб беришни чеклаши мумкин эди.
Bloomberg мақоласидан тахминан бир ҳафта ўтгач, «Ведомости» нашри янада юмшоқроқ версиялар ҳақида ёзди. Унга кўра, биринчи версияда, нефтни максимал нарх шартномасига «расмий равишда қўшилган» мамлакатларга етказиб беришни тақиқлаш кўзда тутилган. Иккинчи версияда эса агар шартномада етказиб беришда бир баррел учун 60 доллар нарх кўрсатилган бўлса, етказиб беришни тақиқлаш режалаштирилган. Аммо ҳозирги фармонда бундай аниқ чоралар ёзилмаган.
«Ведомости» фармондан ташқари, РФ энергетика вазирлиги қонуности ҳужжатларини эълон қилиши, унда, масалан, чегирманинг максимал миқдори белгиланишини ёзганди. Балки Россия расмийлари шу йўл билан нефт етказиб беришдаги чегирмаларни чеклашнинг мослашувчан механизмини ишлаб чиқишга ҳаракат қилгандир.


















