1 январга ўтар кечаси Донецк областининг Россия аннексияси остида бўлган Макийивка шаҳридаги 19-сонли касб-ҳунар мактаби биносига ракета зарбалари йўлланди. Украина қуролли кучлари стратегик коммуникациялар бошқармаси маълумотига кўра, бинога сафарбар қилинган россияликлар жойлашганди, зарбалар оқибатида 400 га яқин киши ҳалок бўлиб, яна 300 киши яраланган.

Аннексия қилинган «ДХР» расмийлари зарбадан кейин ТАСС нашрига, Макийивка ўққа тутилиши оқибатида, дастлабки хабарларга кўра 15 дан ортиқ киши жароҳат олганини айтишганди.

2 январ куни кундузи Россия мудофаа вазирлиги ҳар кунги брифинг вақтида россиялик ҳарбий хизматчиларнинг вақтинча жойлашуви пунктига зарбалар келганини тасдиқлади. Вазирликка кўра, Украина қуролли кучлари «HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан олтита снаряд учирган». «Фугасли тўртта ракета портлаши оқибатида 63 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, HIMARS’нинг иккита реактив снаряди уриб туширилди», дейилади хабарда.

«Агентство» нашри РФ мудофаа вазирлиги бунгача битта зарба оқибатида берилган йирик йўқотишларни тан олмаганига эътибор қаратган; Кремл таъсиридаги «Romanov Лайт» телеграм-канали йўқотишлар 200 кишини ташкил этишини ёзган, лекин уларнинг қанчасини ярадорлар, қанчасини ҳалок бўлганлар ташкил этишига аниқлик киритмаган. Ҳарбий мухбир («военкор») Александр Коц ўз телеграм-каналида Макийивкадаги касб-ҳунар мактаби биноси ўққа тутилиши оқибатида ярадор бўлганлар сони қурбон бўлганлар сонидан кўп эканини айтган.

«Рыбарь» телеграм-канали (уни РФ мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг собиқ ходими Михаил Звинчук очган) тасдиқлашича, қурбон бўлганларнинг барчаси сафарбар қилинганлар бўлган, бинода 14444-полк жойлаштирилганди, бинода жами 600 киши бўлган. «Оперативные сводки» телеграм-канали манбаларига кўра, зарбадан кейин 78 киши ҳалок бўлиб, 136 киши яраланган. Шу телеграм-каналнинг ёзишича, зарбани нишонга йўналтиришда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этган, аммо Россия томони ҳам, Украина томони ҳам бу ҳақда изоҳ бермаган.

Кейинроқ Самара области губернатори Дмитрий Азаров Макийивкадаги зарба бўйича изоҳ бериб, қурбонлар орасида самараликлар борлигини тасдиқлади:

«Бизникилар ҳам душман зарбаси остида қолган. Ярадорлар бор, афсуски, қурбонлар ҳам. Айни вақтда маълумотлар аниқлаштирилмоқда. Ҳозирда кўпчилик ўз яқинлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун ташвишланишини тушунаман. Афсуски, ижтимоий тармоқларда кўплаб текширилмаган, фейк маълумотлар тарқалмоқда. <…> Мудофаа вазирлиги, барча хизматлар билан доимий алоқада бўлиб турибман. Ярадорларни даволаш учун барча зарур ёрдамларни кўрсатамиз. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оиласи бизнинг барча томонлама ёрдамимизга таяниши мумкин».