HIMARS билан зарба берилган
Россия Мудофаа вазирлиги Украина томони бинога АҚШда ишлаб чиқарилган HIMARS бирваракайига ўт очувчи ракета тизимлари орқали зарба берганини тан олди ва 63 киши ҳалок бўлганини хабар берди. Украина томони эса зарба натижасида 400 атрофида рус сафарбар қилинган аскари ҳалок бўлганини маълум қилган.
BBC'нинг ёзишича, уруш шароитида ҳар икки томоннинг баёнотларини текшириш имконсиз, аммо ўз йўқотишлари ҳақида ҳадеганда маълумот беравермайдиган Россия Мудофаа вазирлиги портлашдан бир кун ўтиб 63 аскари ўлганини хабар қилиши йўқотиш қамрови қанчалик катта бўлганидан нишона.
Украина томони айтганидай қурбонлар сони 400 нафарга яқин бўлса, бу уруш бошланганидан буён қайд этилган энг кўп одам ўлган операциялардан биридир.
Янги йил кечасидаги зарба
2023 йил кириб келадиган 31 декабр тунда Россия армияси Украина бўйлаб навбатдаги ракета зарбаларини ёғдирди. Украина эса жавоб ўлароқ Россия босиб олган Донецк вилояти Макийивка шаҳридаги сафарбар қилинган россияликлар бўлган техника коллежи биносига ракета зарбасини амалга оширди.
Аввалига Кремлни қўлловчи нашрлар зарба оқибатида 15 киши ҳалок бўлганини ёзди. Урушни ёритувчи ва охирги вақтларда Путиндан бошқа урушни бошқараётганларни танқид қилишга ўтиб олган рус блогерлари йўқотиш анча катта бўлиши мумкинлигини айтишди.
Макийивкадаги урушга сафарбар қилинган руслар бўлган бинога ракета зарбаси Путин россияликларга янги йил табригини йўллаётган вақтда берилган. Ракета зарбаларидан кўп ўтмай техника коллежи биноси бутунлай яксон қилингани акс этган видеолар тарқалди.
Макийивкадаги портлатилган бинода Россиянинг Самара вилоятидан сафарбар қилинган аскарлар бўлгани айтилмоқда. 2 январ куни Самара губернатори қурбонлар орасида самараликлар бўлганини тасдиқлади. Reuters агентлигининг Донецк вилоятидаги манбаси 100 нафарга яқин одам ўлганини тасдиқлаб, 400 киши ўлгани ҳақидаги маълумотлар бўрттирилганини маълум қилди.

Ракета зарбалари маҳаллий вақт билан 00:01 да бошланган. Яқин атрофда яшайдиган одамларнинг ўз саҳифаларида ёзишича, 4 та ракета тушган ва уларнинг охиргиси жуда кучли бўлган. Зарба кучидан уйлар зириллаб кетган.

















