Сирдарё вилояти Ховос туманидаги ташландиқ ерда барпо этилган пахта тозалаш заводи ва уни йўлга қўйган “Замон текс” пахта тўқимачилик кластери фаолияти билан танишдик.



Мазкур корхона Андижон вилояти Шаҳрихон туманида бундан беш йил муқаддам ўз фаолиятини бошлаган. Республиканинг чекка туманларини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида Ховосда пахта-тўқимачилик саноатида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда.
Туман 1996 йилда ташкил этилган бўлса, шу даврга қадар бу ерда пахта тозалаш заводи бўлмаган. 2021 йилда "Замон текс" пахта тўқимачилик кластери томонидан қурилиши бошланган пахта тозалаш заводи 5 ой давомида 25 млрд сўм маблағ эвазига барпо этилди. Айни пайтда заводда 3 сменали жадвал асосида иш қизғин олиб борилмоқда. Ҳар бир сменада 60 нафардан ортиқ ишчи-ходим фаолият юритади. Улар учун транспорт, 5 маҳал овқат ташкил қилинган. Қувонарлиси, завод ишчиларининг 65 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.




“Уйимизгача автобусда олиб бориб, олиб келишади. Ойликларни ўз вақтида оламиз, ҳар ойда ишимизга қараб мукофот пули берилади. Иш жойимизда овқатланиш, махсус кийим билан таъминланганмиз”, – дейди Маҳфуза Саидвалиева.
Кластер раҳбари Ойбек Пўлатовнинг айтишича, ҳозир заводда 200 нафар ишчи-ходим фаолият юритади:
“Корхонамиз пахта-тўқимачилик кластери бўлиб, асосий фаолиятимиз пахтани қайта ишлаш. Ҳозирги кунда корхонамизда 200 нафар ишчи-ходим ишлайди. Уларнинг ўртача маошлари 2 млн 200 минг сўмдан бошланади. Мукофот пуллари билан 3,5-4 млнгача маош олишади.















