Рождество муносабати билан Россия томонидан жорий этилган Украинада бир томонлама «ўт очишни тўхтатиш» режими муддати 8 январга ўтар кечаси якунланди. Украина ҳукумати маълум қилишича, худди шу вақтда Россия қўшинлари Запорижжя, Харкив ва Донецк областларига бир неча бор зарбалар йўллаган.

7 январ куни кечқурун, маҳаллий вақт билан соат 22:00 атрофида (Москва вақти билан 23:00) Запорижжя ҳудудини ўққа тутиш бошланган, Украина бош прокуратураси маълумотига кўра, бу жараён ярим соат давом этган. Идорага кўра, шаҳар районларидан бири баравар ўт очиш реактив тизимидан кассетали ўқ-дорилар орқали ўққа тутилган. Фуқаролик ва инфратузилмалар объектлари, шунингдек аҳоли автомобиллари шикастланган. «Биз Россия билан биргамиз» («Мы вместе с Россией») ҳаракати раҳбари Владимир Рогов украин ҳарбий объектларига зарба берилганини иддао қилган.

Маҳаллий вақт билан соат 23:00 атрофида, Украина бош прокуратураси маълумотига кўра, россиялик ҳарбийлар Белгород области ҳудудидан Харкив атрофидаги Мерефа шаҳарчасига ракета зарбалари йўллади. «Корхона биноси шикастланган, бир киши ҳалок бўлган, тинч аҳоли вакилларидан яна бир киши яраланган», — дейилади идора хабарида.

8 январга ўтар кечаси Россия қўшинлари Донецк областининг Краматорск шаҳри томон еттита ракета зарбаси йўллаган. Регион ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленконинг сўзларига кўра, шаҳарда таълим муассасаси биноси ва саноат объекти шикастланган. «Дастлабки маълумотларга кўра, отишмалар чоғида қурбон бўлганлар ва яраланганлар йўқ», — деган Кириленко.

РФ мудофаа вазирлиги Краматорск бўйлаб зарбаларни Украина қуролли кучларининг янги йил кечаси Донецк областидаги Макийивка шаҳрига қилинган ҳужумга «жавоб операцияси» деб атади, Россия томони Макийивкадаги касб-ҳунар мактаби биноси ўққа тутилиши оқибатида 89 нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Россия томонига кўра, РФ қуролли кучлари Краматорскдаги иккита ётоқхонага зарбалар берган, уларда жами 1,3 мингдан ортиқ украин ҳарбийси бўлган. РФ мудофаа вазирлиги иддао қилишича, бу зарбалар натижасида 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Украина қуролли кучлари Шарқий гуруҳи спикери Сергей Череватий эса «Суспильне» нашрига РФ мудофаа вазирлиги маълумоти ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

Украина Россиянинг бу зарбалари ҳали «ўт очишни тўхтатиш режими» амалда бўлган вақтда берилганини даъво қилган. Украина қуролли кучлари бош штаби маълум қилишича, 6 январ куни россиялик ҳарбийлар битта ракета зарбаси йўллаган ва баравар ўт очиш реактив тизимларидан 20 та снаряд учирган, 7 январ куни эса тўққизта ракета йўллаган, авиациядан учта зарба берган ҳамда баравар ўт очиш реактив тизимларидан 40 та снаряд учирган, жумладан фуқаролик инфратузилмаларига ҳам. Бош штабга кўра, бу зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар бор.