Kun.uz бир гуруҳ энергетика соҳаси мутахассислари билан тизимдаги муаммолар, уларни юзага келтирган масалалар ва ҳал қилиш имкониятлари ҳақида суҳбатлашди.

— Ўтган йил бошида кузатилган блэкаутда ҳам, йил сўнгидаги мини-блэкаут вақтида ҳам, шу кеча-кундуздаги аномал совуқда энерготаъминотдаги узилишлардан сўнг ҳам расмийлар фақатгина халқни сабр қилишга, бу қийинчиликлар вақтинча эканини айтиб, чидашга чақириб келмоқда. Давлат истеъмолчиларни газ ва электр билан таъминлай олмаётган бир пайтда одамлар энергоресурсларга бўлган эҳтиёжини ўзлари қондириши мумкинми? Масалан, уйларнинг томига қуёш панеллари ёхуд авария вақтида жон сақлаш имконини берувчи инверторлар ўрнатиб. Ёки бу иложсизми?

Умид Мамадаминов, “Stantop Energy” МЧЖ раҳбари:

— Бундай ҳолатлар фақат Ўзбекистонга хос эмас, ҳатто ривожланган Америка Қўшма штатларида ҳам кузатилади. Аҳолига боғлиқ томонларини гапирадиган бўлсак, давлат энергетика тежамкорлиги бўйича ҳар хил дастурлар ишлаб чиқиши керак. Яъни бунда аҳоли ўзи энергия ишлаб чиқарувчи турли техникалар олиши, давлат эса бир қисмини субсидия қилиб бериши назарда тутилади.

Умид Мамадаминов Фото: Kun.uz

Энергия тежаш бўйича ўқитиш дастурлари ҳам бор. Кўп давлатларда буларни ўқитиш Энергетика вазирлиги зиммасида бўлади. Бизда ҳам аҳолининг яшаш шароитига мос тарзда шундай ўқитиш тизими йўлга қўйилиши керак. Бу нарса аҳолига жуда катта ёрдам бўлади. Бундай лойиҳалар учун бизда ҳам ҳаракатлар бошланган. Яъни ҳали бошланғич босқичда.

— Бахтиёр ака, бир неча йиллардан бери қуёш панелларини ўрнатиш билан шуғулланаётган хорижий компаниялар билан ишлаб келяпсиз. Ўзбекистондаги бир хонадонда қуёш панеллари ўрнатилди дейлик, у қанчалик эҳтиёжни қондира олади? Ишлаб чиқарилган энергия уйни иситиш учун етарли бўладими ёки фақат сув иситишга етадими? Агар маҳаллада свет ўчса, томига қуёш панели ўрнатилган хонадонда электр бўладими?

Бахтиёр Ғозиев, “ABREST Energy Engineering” МЧЖ тижорат директори:

— Қуёш энергиясини олувчи станциялар икки хил бўлади: саноат учун катта станциялар ва хонадонлар учун маиший доирадаги қуёш панеллари. Маиший доирадаги қуёш панеллари эҳтиёжларни тўлиқ қондиролмайди. Бундай бўлиши ҳам қийин.