Бугун, 17 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида олий даражадаги тадбирлар – ушбу мамлакат президенти Ҳалима Ёқуб ва бош вазири Ли Сян Лун билан музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон-Сингапур саммитидан аввал Сингапур президентининг «Истана» саройида давлатимиз раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур президенти Ҳалима Ёқуб фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Сўнг Ўзбекистон  президенти шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига ном бериш маросими бўлиб ўтди. Бундай тадбирлар анъанавий равишда ушбу мамлакатнинг олий мартабали меҳмонлари ва таниқли арбобларга юксак ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида ўтказилади.

Анъанага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи - «Шавкат Мирзиёев орхидеяси» деб ёзилган тахтачани жойлаштирди.

Ушбу кўркам ва ёйилиб ўсувчи гул Encbi Purple ва Kila Blue орхидеяларининг гибриди ҳисобланади. Узунлиги 45 сантиметр бўлган қат-қат япроқли қўшгуллар, уларнинг ҳар бирида 17 тадан 20 тагача гул ҳосил қилади, ҳар бир гулнинг эни 5 сантиметр атрофида. Оч сиёҳранг барглар ва косачабаргларнинг чети майин бинафшаранг.

Шундан сўнг президентлар икки томонлама учрашув ўтказдилар.

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.