10–15 январ кунлари Ўзбекистонда аномал совуқ кузатилди. Об-ҳаво ҳарорати сўнгги кунлари кундузи 0 градусга яқинлашган, аксар жойларда ердаги қорлар ҳамон эримаган. Ўзбекистонлик бир гуруҳ кўнгиллилар кўчадаги қаровсиз ҳайвонларга ғамхўрлик акциясини бошлади.

Акция етакчиси Ферузбек Сайфуллаев Kun.uz билан суҳбатда «Одамлар бизнинг кўнгилли жамоа эканимизни, давлат бу ҳаракатларимиз учун бир сўм ҳам тўламаслигини тушунишларини хоҳлардик... Тирик жон борки, уларга ғамхўрлик қилиш керак», деди.

«Тадбиркорлар ҳам ҳайвонларга ёрдам беряпти»

Биз кўчадаги қаровсиз ҳайвонларга озиқ-овқат маҳсулотларини доимий равишда бериб келардик. Лекин аномал совуқ кириб келиши ҳақидаги хабар эълон қилингач, 5 январда совуқ кунларда бошпанасиз ҳайвонларни ҳимояга олиш борасида лойиҳа ишлаб чиқдик. «Эколог» нодавлат-нотижорат ташкилотимиз томонидан бошпанасиз ҳайвонлар қароргоҳига ёрдам қилиб келардик.

 Ферузбек Сайфуллаев

Лекин совуқ тушгач, ташқаридаги қаровсиз ҳайвонларни ҳам ҳимояга олиш керак, деган фикрга келдик. Совуқ тушиши билан кўчада бошпанасиз ҳайвонлар сони 2 баробарга кўпайди, одамлар хонадонларида боқаётган ҳайвонларини ҳам кўчага чиқариб ташлаган ҳолатлари кузатилди. Лекин ҳамма ҳайвонларни қамраб ололмасдик, вилоятларда кўнгилли ёшларимиз ўз маблағидан имкон қадар лойиҳани амалга оширяпти. Айрим вилоятларда тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватлаяпти, айниқса, нон ишлаб чиқарадиган тадбиркорлар пишмай қолган ёки куйган нонларни етказиб беришди.

«Одамлар моддий ёрдам кўрсатяпти»

Бухорода 8 кундирки, шу лойиҳани амалга оширяпмиз. Имкониятимиз етмагани сабабли ижтимоий тармоқлар орқали моддий кўмак сўраб, ўзимга тегишли банк картасини жойлаштирдим. Шу картага (18 январ ҳолатига кўра) 2 млн 11 минг сўм атрофида пул йиғилди, шундан 1 млн 600 минг сўмини 4та бошпанасиз ҳайвонларни қарамоғига олган қароргоҳларнинг ҳисобрақамига кўчирдик. Чунки у ердаги қароргоҳларда 500дан ошиқ итлар, мушук ва хўтиклар сақланади. Аёвсиз калтакланган, босиб кетилган, аҳволи оғир ҳайвонлар ҳам бор. Яна 400 минг сўм пулимиз қолди, шу пулни Бухородаги «Мя-мя» деган қароргоҳга кўчириб бермоқчимиз.