«Вагнер»нинг собиқ аъзоси Норвегияга қочиб ўтди. У Пригожинга қарши кўрсатма бермоқчи
Норвегиялик адвокат ва мамлакат полицияси ўзини «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси отрядининг собиқ командири деб атаётган россиялик Андрей Медведев Норвегия чегарасини кесиб ўтганида қўлга олингани ва ҳибсда сақланаётганини тасдиқлашди.
Медведевнинг адвокати Брюнъюльф Риснес BBC билан суҳбатда унинг мижози Осло ҳудудида бўлиб тургани ва унга чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича айблов қўйилишини айтган.
Норвегия шимолидаги Финнмарк провинцияси полиция штаби бошлиғи Тарьей Сирма-Теллефсеннинг айтишича, россиялик чегарачилар патрули томонидан қўлга олинган ва бошпана сўраган.
Норвегия чегара хизмати россиялик Россия билан чегарани кесиб ўтганидан кейин қўлга олинганини тасдиқлаган, аммо хавфсизлик ва шахсий дахлсизлик нуқтайи назарида бошқа изоҳ бера олмаслигини билдирган.
Аввалроқ Андрей Медведев Норвегияга қочиб ўтгани ҳақида Gulagu.net ҳуқуқ ташкилоти хабар берганди.
«Командир Евгений Нужин («Кусок» лақабли) ва «Вагнер» ХҲК 7-штурм отрядининг 4-взвод 1-бўлими қўмондони Андрей Медведев Россия Федерацияси ҳудудини 12 январ куни Мурманск области «Никель» аҳоли яшаш манзили яқинида тарк этган ва Норвегияга ўтган, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига мурожаат қилиб, ҳимоя ва сиёсий бошпана сўраган. Медведев қўриқчилар билан маҳаллий аэропортдан Ослога олиб кетилган, у ерда миграция қонунчилигини бузганлар учун марказдан яшаш жойи тақдим этилган, шу кунларда сиёсий бошпана ва халқаро ҳимоя бериш жараёни бошланади», дейилади Gulagu.net телеграм-канали хабарида.
Проект аудиоинтервью эълон қилган, унда Медведев Россиянинг Норвегия билан қуруқлик чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани, оқ камуфляж халатида қочгани, Россия чегарачилари уни Норвегия чегарасига 2 километр қолганда аниқлаб, унга қарата ўт очган ва хизмат итини унинг орқасидан қўйиб юборганини айтади.
«Мен музлаган кўлга томон югурдим, улар орқамдан югуришдан қўрқди, чунки муз жуда юпқа эди. Орқамдан итни қўйиб юборишди, лекин у симга ўралашиб қолди. Мен Норвегиядаги энг яқин аҳоли пунктигача югурдим», дейди Медведев.
У ўз ҳаёти учун хавфсирамоқда, чунки уни нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари, балки «Вагнер»даги собиқ қуролдошлари ҳам қидирмоқда.
Аввалроқ Медведев «Вагнер»нинг ҳарбий ҳаракатлар чоғида буйруқларни бажаришдан бош тортган ёлланма жангчилари сафдошлари томонидан судсиз қатл қилинганига гувоҳ бўлгани ҳақида айтганди.
У халқаро судда гувоҳлик кўрсатмаси беришга тайёрлигини айтган.
Медведевнинг адвокати сўзларига кўра, унинг мижози хусусий ҳарбий компания сафини Украинадаги ҳарбий жиноятларга гувоҳ бўлганидан кейин тарк этган.
Унинг қочиши - «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчиларидан бири Ғарбга дезертирлик қилиши билан боғлиқ ОАВга маълум бўлган илк ҳолатдир.
Gulagu.net асосчиси Владимир Осечкин BBC билан суҳбатда Медведев «Вагнер» сафига 2022 йил июлида қўшилиб, тўрт ойлик шартнома имзолагани, Украинадаги хизмат чоғида кўплаб инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ҳарбий жиноятларга гувоҳ бўлгач, дезертирлик қилгани ҳақида айтган.
2022 йил декабр ойида Андрей Медведев ва унинг ўртоғи «Gulagu.net» таҳририятига мурожаат қилиб, суддан ташқари қатлдан қочиш учун ёрдам сўраган.
Осечкиннинг хабар қилишича, Медведев аввал Россия армиясида хизмат қилган, 2017-2018 йилларда қамоқ жазосини ўтаган.
Осечкиннинг сўзларига кўра, Медведев Украинада «Вагнер» бўлинмаларидан бирига командир бўлган. Унинг қўмондонлигидаги гуруҳга ҳар куни 30-40 нафар ёлланма аскар келиб қўшилган.
Gulagu.net сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштирилган видеороликда Медведев Украинадан ўтган йил ноябрида, «Вагнер» унинг шартномасини номаълум муддатга узайтирмоқчилигини эшитганидан кейин қочиб кетган.
У икки ой мобайнида Россияда яшириниб юрган, кейин эса Норвегия билан чегарани кесиб ўтишга муваффақ бўлган.
Медведевнинг адвокати Брюнъюльф Риснеснинг айтишича, унинг мижози Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида кўплаб ҳарбий жиноятларга, жумладан «Вагнер» ХҲК ички хавфсизлик хизмати ходимлари «дезертирларни қатл этиши»га гувоҳ бўлган.
«У ўзини сотилган деб ҳис қилган ва имкон қадар тезроқ кетишни истаган», дейди Риснес.
У Медведев Норвегияга ҳарбий жиноятлар бўйича далилларни олиб келгани ва яқин вақтлар ичида бу маълумотларни ҳарбий жиноятларни текширувчи гуруҳ билан бўлишмоқчи эканини қўшимча қилган.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ўз компанияларидан бирининг пресс-релизи орқали истеҳзоли баёнот берди ва Медведев скандинавлар ташкил этган ёлланма жангчилар бўлинмаси аъзоси эканини айтиб, уни Норвегия фуқароси деб атади.
Пригожин шунингдек Медведевни маҳбусларга шафқатсиз муносабатда бўлишда айблаб, у «жуда хавфли» шахс эканини таъкидлади. Ўз навбатида, Риснес BBC нашрига Пригожиннинг сўзлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.
Буюк Британия расмий шахслари ҳисоблашича, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма жангчилари Россиянинг Украинадаги кучларининг 10 фоизини ташкил этади ва ўтган ҳафталарда Соледар учун кечган жангларда муҳим рол ўйнаган.
Душанба куни Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес парламентда чиқиш қилиб, хусусий ҳарбий компания аъзолари ҳарбий жиноятларда айбдор эканини ва ҳукумат уларнинг можародаги ролини қандай баҳолашини айтди.
«Бизнинг ҳозирги ҳисобларимизга кўра, улар ўз кучларининг учдан икки қисмидан Бахмут ҳудудида фойдаланмоқда ва бу ердаги кучларнинг учдан икки қисмини қамоқхоналарда ёлланган маҳбуслар ташкил этади. Улар орасидаги талафот кўлами [ярадорлар ҳам, қурбонлар ҳам назарда тутилмоқда] - тахминан учдан икки қисмини ташкил этади, бу эса «Вагнер»га ёлланиш маҳбуслар учун энг яхши вариант эмаслигини кўрсатади», деган Уоллес.
«Вагнер» ХҲК вакиллари айнан уларнинг ҳаракатлари Россия кучларига Соледарнинг катта қисмини эгаллаш ва Бахмут ҳудудида муайян ютуқларга эришишда ёрдам берганини таъкидлашади.
Мавзуга оид
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
14:00 / 16.11.2024
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46 / 16.11.2024
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024