Жаҳон | 12:39 / 20.01.2023
21698
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев шифохонага тушди. Унинг юраги операция қилинган

Ҳозирда унинг ҳаётига хавф йўқлиги айтилмоқда.

Фото: Алексей Никольский / ТАСС

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб «Хабар» телеканали собиқ раҳбари Александр Аксютиц ва РИА Новости хабар берди.

Аксютиц 82 ёшли Назарбоев Остонадаги клиникалардан бирига кардиологик текширув учун олиб борилганини айтган. Россия агентлиги эса аниқлик киритиб, Қозоғистоннинг биринчи президенти Миллий илмий кардиожарроҳлик марказида эканини хабар қилган.

ОАВда тарқалган хабарлардан кейин Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай у шифохонада эканини тасдиқлади.

«Нурсултон Назарбоевнинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Операция муваффақиятли кечди. Биринчи президентнинг ҳаётига хавф йўқ. Ҳозир у кузатув остида», — деб ёзди Айдос Укибай твиттерида.

  • Нурсултон Назарбоев мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлган. У бу лавозимда 1991 йилдан 2019 йилгача ўтирган. Ундан олдин Назарбоев Қозоғистон Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби ва Қозоғистон ССР президенти бўлган.
  • Президентликдан кетгач ҳам Назарбоев Қозоғистонда катта таъсир доирасини сақлаб қолганди. Аммо 2022 йил январидаги намойишлардан кейин у Хавфсизлик кенгаши раислигидан ва ҳукмрон «Нур Отан» партияси раҳбарлигидан кетди. Ундан шунингдек елбаси тутули («миллат етакчиси») ва фахрий сенатор мақомини олиб қўйишди.
  • Бундан ташқари, Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилди, унинг якунларига кўра Назарбоев ва унинг оила аъзолари қатор имтиёзлардан маҳрум бўлишди.

Мавзуга оид