HTTPS://T.ME/NEWS_SIRENA

19 январ кунидан Россиядаги интернет саҳифаларида Кремль яқинидаги баъзи биноларнинг томларига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари (ҲҲМ) ўрнатилгани акс этган сурат ва видеолар жойлаштирила бошланди. Хусусан, тасвирларга қараганда, «Панцирь-С1» тизими Россия мудофаа вазирлиги биноси томида ҳам пайдо бўлган.

Шу куни Москва шаҳрининг Таган районидаги кўп қаватли уйларнинг юқори қаватидан олинган видео ҳам тарқалди. Унда «Панцирь» тизимига жуда ўхшаш ҳарбий қурол ва контейнерни бино томига кўтараётган кранни кўриш мумкин. Офис қўриқчилари бўлаётган воқеани ё «режалаштирилган машғулотлар», ёки «томни таъмирлаш» дея изоҳлаган.

Рублево-Успенское шоссеси бўйлаб Ново-Огарёводаги Путин қароргоҳидан ўн километр узоқликда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими (тахминан «Панцирь-С1») ўрнатилгани тасвирланган яна бир видео Сирена телеграм-каналида эълон қилинди.

Янги Москвадаги ҳарбийлар жойлашган Остафьево бизнес аэродромидан икки километр узоқликда ҳам бир нечта ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари суратга олинган. Видеони Сирена таҳририятига юборган фойдаланувчининг сўзларига кўра, ҳарбий техника бу ерда тахминан бир ой олдин пайдо бўлган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Москванинг турли бурчакларидаги ҳарбий техникаларнинг бошқа тасвирларини ҳам тармоқда тарқатмоқда. Фойдаланувчилар Тимирязев қишлоқ хўжалиги академияси ҳудудига жойлаштирилган С-400 тизими, шунингдек, Лослар ороли боғига ўрнатилган ҳаво ҳужумидан мудофаа батареяси ҳақида хабар берган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 18 январ куни Днипрода рўй берган фожиани (рус ракетасининг турар жой биносига зарбаси оқибатида 40 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди) изоҳлар экан, ҳаммасига Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини айбдор қилди. Унинг сўзларига кўра, «украиналиклар барча уруш қонунлари, халқаро ва гуманитар ҳуқуқларга зид равишда ҲҲМ тизимларини турар жойлар биносига жойлаштирган».

20 январ куни журналистлар Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковдан Москвага ўрнатилаётган ҲҲМ тизимлари ҳақида сўради, у эса одатдагидек барча саволларни мудофаа вазирлигидан сўраш кераклигини айтди.

РФ мудофаа вазирлиги ва Москва шаҳар ҳокимияти шаҳарда бўлаётган воқеаларга изоҳ бермаган.