Ўзбекистон | 08:59 / 24.01.2023
6616
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислигини якунламоқда

Бугун Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Ўзбекистон 1992 йил 28 ноябрь куни ИҲТга аъзо бўлган. Мамлакат мазкур халқаро тузилма доирасидаги шериклар билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш, хорижий шериклар билан саноат кооперациясини чуқурлаштириш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, улардан самарали фойдаланиш ва янгиларини яратиш Ўзбекистон ва хорижий шериклар ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидандир.

Минтақавий давлатлараро ташкилотга ҳисобланадиган ИҲТ 1985 йилда Теҳрон (Эрон) шаҳрида асос солинган. Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга. Ташкилотнинг мақсади савдо ва транспорт коммуникациялари соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Бугунги кунда ИҲТга ўнта давлат – Озарбойжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо бўлиб кирган.

2022 йилда Ўзбекистон илк бор мазкур халқаро тузилмага раислик қилди. Шавкат Мирзиёев 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхободда (Туркманистон) бўлиб ўтган ИҲТ 15-саммитида сўзга чиқиб, мазкур тузилмага раисликни қабул қилиб олган ҳолда ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўтарди ҳамда аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган ва ҳаётга татбиқ этилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жорий йил 24 январь куни Тошкент шаҳрида ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 26-мажлиси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислиги якунлари сарҳисоб қилинади, яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган режа ва вазифалар муҳокама қилинади.

Мавзуга оид