Иш юзасидан Миробод тумани давлат хизматлари марказига кирдим. Мен турган дарчанинг олдига навбатда турган эркак келиб, бир нарса сўраб олмоқчи эканини айтди ҳамда марказ ходимига юзланди: 

— Кечирасиз, бошлиғингиз қаерда ўтиради?

— Нима масалада келдингиз?

— Мен туман статистика бўлими бошлиғиман. Нечта фирма давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида маълумот олмоқчи эдим.

— Ие, ҳамма маълумотлар рақамлашган-ку, онлайн режимда идоралараро маълумот алмашинуви бор, бу сизларга ҳам кўринади шекилли? Биз бунақа маълумот бермай қўйганимизга, биздан сўралмай қўйганига ҳам анча бўлган, — ҳайрон бўлди марказ ходими.

— Мендан ҳам бошқарма сўраяпти-да, — эркак бироз норози оҳангда марказ бошлиғи ўтирадиган хона томон йўналди.

Бир дақиқа ҳам давом этмаган ушбу (Kun.uz мухбири тасодифан гувоҳ бўлиб қолган) суҳбат статистика тизимининг бугунги аҳволини кўрсатиб берганди. Рақамлар билан ишлайдиган мазкур соҳада статистик маълумотлар ҳамон бу шаклда йиғилиши чиндан ҳайратланарли. Айниқса, ҳисобот турлари ва уларда сўраладиган маълумотларнинг кўплиги, онлайн топширишдаги айрим мантиқсизликлар, солиқ ва бошқа органлар билан ўзаро интеграция қилинмагани тадбиркорларни (нафақат тадбиркорлар, балки барча хўжалик юритувчи субъектларни) сарсон қилмоқда.

Бугунги кунда рақамлаштириш ва интеграция қилишни намунали тарзда йўлга қўйган ташкилотлар бор. Масалан, улардан бири Давлат солиқ қўмитаси. Солиқ тизимида ҳисоботларни топшириш ҳисобчилар учун жуда қулай ва тушунарли қилиб қўйилган. Аммо Статистика агентлиги негадир бу масалада ҳамон “ўтган асрнинг 90-йилларида” қолмоқда.

Статистика тизимида ҳисобот топшириш яқин 2 йилда онлайн шаклга ўтказилди. Бироқ статистик ҳисобот турлари ва сўраладиган маълумотлар шунчалик кўпки, уларни тўғри тўлдириш учун ҳар бир ташкилотда шу соҳанинг махсус мутахассиси бўлиши керак. Жумладан, қишлоқ хўжалиги бўйича статистик ҳисоботни тўлдириш учун агроном ёки саноатга боғлиқ статистик ҳисоботни тўлдириш учун технолог бўлиш зарур. Оддий ҳисобчи бу турдаги ҳисоботларни топшириши учун жуда кўп вақт сарфлайди.

Масалан, қишлоқ хўжалиги бўйича статистик ҳисоботларда тухум туғадиган товуқлар сони, эчки ёки қўйдан қирқиб олинган жун, бўғоз бўлмаган ғунажинлар сони, шудгорланган ва шудгорланмаган ерлар, ўғит солинган майдон, қўзиларнинг ўртача вазн олиши каби маълумотлар сўралади. Аксарият ташкилотларда буларни ҳисобчи тўлдириши ва белгиланган вақтда топшириши керак.