2022 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари икки баробарга ўсди, нега?
2022 йилда пул ўтказмалари 17 млрд долларни ташкил қилди. Бу 2021 йилга қараганда 2,1 баробарга кўпроқ. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг тушунтиришича, бу Россиядаги доллар ва рубль ўртасидаги кескин фарқ туфайли экспортёрлар пул ўтказмаларидан фойдалангани билан боғлиқ. Яна бир сабаб – Қозоғистон ва Қирғизистонда нақд долларга қўйилган чеклов ортидан қўшни давлат фуқаролари Ўзбекистонга пул ўтказмалари орқали доллар олган.
26 январь куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 2022 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари 17 млрд долларга етганини маълум қилди. Бу пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 2,1 баробарга ошганини кўрсатади. Регулятор раиси бунинг сабабларини тушунтирди.
«Пул ўтказмалари ошган бўлса-да, ўзимизнинг монетар кўрсаткичларимизда бу 17 млрднинг ҳаммасини ялпи талабни шакллантиришда хизмат қилади деб айта олмаймиз. 11,5-12 млрд атрофидаги ўтказмалар ялпи талабни шакллантиришга таъсир қилувчи омил ҳисобланади», – деди у.
2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга пул ўтказмалари 2 баробарга ошиб, 6,5 млрд долларни ташкил қилди. Ўтган йилнинг июль ойида бўлиб ўтган анжуманда Мамаризо Нурмуродов пул ўтказмаларининг рекорд даражада ўсишида аввалги норасмий пул жўнатмаларининг расмий каналларга ўтгани ҳамда кичик ва ўрта экспортчиларнинг ўзгарган шароитдаги фаолияти муҳим ўрин тутганини айтганди.
Бу сафар ҳам МБ раиси ушбу сабабларга урғу берди. Нурмуродовнинг изоҳлашича, асосий сабаблардан бири қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда 2022 йил нақд валютада маълум жиҳатдан тақчиллик кузатилиб, банкларда маълум чекловлар ўрнатилгани билан боғлиқ.
«Ушбу шароитда қўшни давлатлар фуқаролари Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга ошириб, Ўзбекистон орқали [доллар] олганини кузатдик. Пул ўтказмаларини тарқатаётганда фуқаролик сўралмайди, юборилган код бўйича берилади. Аммо бу тенденцияни қўшни давлатлардан чегара олди ҳудудларга кириб келаётган фуқаролар сони ўзгаришига қараб кузатиб боряпмиз», – деди у.
Пул ўтказмаларининг юқори ўсишидаги яна бир омил сифатида геосиёсий вазиятдаги кескинлашув ҳам рол ўйнаган. Экспортёрлар илгари пулларини нақд пулда олиб кирган бўлса, 2022 йилда банклар орқали пул ўтказмалари шаклида олиб кирган.
«Россияда нақд доллар тақчиллиги ва курс ўртасидаги сезиларли фарқ уларни пул ўтказмалари орқали ишлашга мажбур қилди. Натижада биз 2 баробар ўсишни кўрдик», – деди Нурмуродов.
Анжуманда Ўзбекистондан ташқарига чиққан пул ўтказмалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
«2022 йилда 2,1 млрд доллар пул ўтказмалари ташқарига чиқди. Ўтган йилга қараганда 29 фоизга ошди. Давлатлар кесимида катта ўзгариш йўқ. Туркия, Хитой, Америка ва Ҳиндистон каби давлатларга пул ўтказмалари амалга оширилган. Бу савдо (Туркия, Хитой) ва даволаниш мақсадлари (Ҳиндистон) билан боғлиқ», – деди МБ раиси.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг июнь, июль ва сентябр ойларида банкларда валюта танқислиги юзага келганди. Бунинг сабаби мутахассислар томонидан рубль курси Марказий Осиё мамлакатлари миллий валюталарига нисбатан шиддат билан мустаҳкамланишда давом этаётгани билан изоҳланганди.
Марказий банк раиси доллар танқислигига оид ҳолатга изоҳ бераркан, Россия фуқаролари рублдаги даромадларини Ўзбекистон орқали долларга айлантираётганини тасдиқлаганди. Шунингдек, бунга яна бир сабаб сифатида Ўзбекистондаги тижорат банклари илгари нақд валютани Россия банкларидан олиб келгани, геосиёсий вазият ўзгариши натижасида рус банкларига доллар ва евро бериш тўхтатилгани кўрсатилди.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024