16-20 январ кунлари форумнинг 53-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Украинадаги уруш фонида геосиёсий вазиятнинг ниҳоятда кескинлашуви, иқлим инқирози, савдо уруши ҳамда глобал инқироз таҳдиди каби масалалар муҳокама қилинди.

Иқлим ўзгариши ва яшил энергетикага ўтиш

Халқаро энергетика агентлиги ижрочи директори Фотиҳ Биролнинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага бостириб кириши энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига тезроқ ўтиш борасидаги ҳаракатларни кучайтирган.

Фотиҳ Бирол
Фото: World Economic Forum

«Ушбу инқироз тоза энергия тармоғининг ривожланишига катта туртки берди. Қайта тикланадиган манбалар улуши ўсиб бормоқда. Ҳозирги кунда глобал муқобил энергия манбалари ўсишининг энг муҳим омили бу энергетика хавфсизлигидир», деди у.

Россия Украинага бостириб киришидан олдин дунёдаги энг йирик энергия экспортчиси эди. Аммо рус газининг Европага экспорти босқичма-босқич чеклангани ва Ғарб давлатлари томонидан жорий қилинган санкциялар Европа ва бутун дунёни янада ишончли, маҳаллий энергия манбаларини излашга мажбур қилди.

«Қайта тикланадиган манбалар тинчлик энергиясидир. Энергия хавфсизлигимизнинг узоқ муддатли ечимлари қайта тикланадиган манбалар ҳисобланади», – дея қўшимча қилди Бирол.

Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш

Украина президенти Володимир Зеленский Украина иттифоқчиларини иккиланишни бас қилиб, тезлик билан Киевга барча зарур қуроллар, жумладан танклар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришга чақирди.

Володимир Зеленский
Фото: World Economic Forum

«Эркин дунё ўйлашга кетказаётган вақтни террорчи давлат одамларни ўлдиришга сарфламоқда. Дунё ортиқ иккиланмаслиги керак – бугун ҳам, келажакда ҳам. Дунёнинг сафарбарлиги бизнинг умумий душманимизнинг навбатдаги ҳарбий сафарбарлигидан илгарилаб кетиши керак. Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш Россиянинг навбатдаги ракета зарбаларидан тезроқ бўлиши керак. Ғарб танклари етказиб берилиши Россия танкларининг навбатдаги юришидан олдин рўй бериши керак», – деди Зеленский.