
Қарийб барча сайлов участкаларида овозлар ҳисоблаб чиқилгандан кейин Павел 58 фоиз овоз олган, унинг рақиби Бабиш - 42 фоиз атрофида. Сайловда давомат 70 фоиз атрофида бўлган.
62 ёшли Павел Прагада ўз тарафдорлари қаршисида нутқ сўзлади.
«Мен бугун кўпчилик ўз номзоди ғолиб бўлмаганидан хафалигини тушуниб турибман. Аммо мен яна шуни кўряпманки, мамлакатимизда овоз берганлар орасида мағлублар ва ғолиблар йўқ. Мен кўряпманки, бу сайловларда ҳақиқат, қадр-қиммат, ҳурмат ва камтарлик каби қадриятлар ғолиб чиқди. Ишончим комилки, бу қадриятлар орамиздаги кўпчиликка хос ва бу қадриятларни кундалик ҳаёт тарзимизнинг бир қисмига айлантириш ва сиёсатга қайтишга арзийди», деган у.
Павел унинг тарафдорлари мамлакатнинг барча фуқароларни бу қадриятларга қайтишга ишонтириши кераклигини қўшимча қилган.
Петр Павел сайловда мустақил номзод сифатида иштирок этди ва амалдаги ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланди. Павел кампания давомида қатъий ғарбпараст йўналишга амал қилди. Хусусан, у урушга барҳам бериш ва Украинани кўпроқ қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини билдирди.
ANO марказчилар сиёсий ҳаракати етакчиси ва парламентдаги мухолифат раҳбари бўлган Бабиш ҳам можарога барҳам бериш тарафдори, аммо ҳукуматни Украина манфаатларини Чехиядан устун қўйгани учун танқид қилади.
У 9 март куни қасамёд қабул қилади ва президентлик лавозимида Милош Земаннинг ўрнини эгаллайди, Земан Россиянинг Украинага босқинига қадар Москва билан алоқаларни кучайтиришга ҳаракат қилганди. 2013 йилдан буён президент бўлган Земен бу сайловларда ўзига ворис сифатида Андре Бабишни қўллаганди.
Чехияда президент лавозими Европадаги бошқа парламентар республикаларда бўлгани каби - асосан тантанавор фигура ҳисобланиб, сиёсатга фақат билвосита таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, айнан у бош вазир ва марказий банк аъзоларини тайинлайди ва Конституциявий судга судьяларни таклиф қилади. Унинг баёнотлари мамлакатнинг хориждаги имижига таъсир кўрсатади, Земан билан шундай бўлганди, Россия Украинада бошлаган урушдан олдинги даврда у бир неча бор Кремлни мақтаган баёнотлари билан жамоатчиликни ҳайрон қилганди.
Мамлакат сиёсати, жумладан ташқи сиёсатни аввалги каби ўнг марказчи Петр Фиала ҳукумати белгилашда давом этади, бу ҳукумат даврида Чехия кўп миқдорда украин қочқинларини қабул қилди ва Украинага фаоллик билан ҳарбий ёрдам кўрсатди.















