Жаҳон | 15:44 / 29.01.2023
14360
2 дақиқада ўқилади

Новоайдардаги шифохонага HIMARS билан зарба берилди. РФ Украинани ҳарбий жиноятда айблади

Ракета зарбаси оқибатида 14 киши ҳалок бўлган. Бу шифохонада ҳарбийлар даволанган.

Фото: Александр Река / ТАСС

РФ мудофаа вазирлигининг тасдиқлашича, Украина қўшини Луҳанск областининг аннексия қилинган қисмидаги Новоайдар посёлкаси шифохонасига HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали зарба йўллаган.

«Бинога осколкали-фугасли реактив снарядлар келиб тушиши оқибатида шифохона беморлари ҳамда тиббий персоналдан 14 киши ҳалок бўлган ва 24 киши турли даражада тан жароҳатлари олган», — дейилган РФ мудофаа вазирлиги хабарида.

Вазирликнинг қайд этишича, шифохонада ҳарбий хизматчилар ва маҳаллий аҳоли вакилларига тиббий ёрдам кўрсатилган, оддий шифокорлар билан бирга ҳарбий тиббиёт ходимлари ҳам ишлаган.

Россия томони шифохонага ҳужум учун Украинани ҳарбий жиноят содир этишда айблади. «Мазкур фуқаролик тиббиёт муассасасига қасддан ракета зарбаси берилиши сўзсиз Киев режимининг оғир ҳарбий жинояти ҳисобланади», — дейилган РФ мудофаа вазирлиги хабарида.

«ЛХР»нинг Россия томонидан тайинланган ҳукумати «Новоайдар шифохонаси ўққа тутилиши оқибатлари» акс этган кадрларни намойиш этди.

Украина қуролли кучлари бош штаби ҳозирча РФ мудофаа вазирлигига расмий муносабат билдирмади. Россия томони баёнотидан бироз аввалроқ Луҳанск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай телеграм-каналида Новоайдарда олинган фотосуратни жойлаштириб, «рашистлар даволанган шифохонада нимадир бўлди» деб ёзган ва ўнлаб кишилар ҳалок бўлганини маълум қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид