Чехия янги президенти Украинага кучли ҳарбий ёрдам тарафдори эканини маълум қилди
Агар Ғарб «Украинага ҳарбий ёрдамни камайтирса, у ҳолда Россия урушда ғалаба қозонади ва бу бизнинг мағлубиятимизни англатади», деди Петр Павел DW нашрига берган интервьюсида. У Киевга ҳарбий самолётлар етказиб берилишини истисно этмади.
Украина ҳали ҳам кенг кўламли ҳарбий ёрдамга муҳтож, деди Чехиянинг янги президенти Петр Павел 2 февраль, пайшанба куни DW медиакомпаниясига берган интервьюсида. Ушбу суҳбат давомида 28 январда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган Павел Киевга жанговар самолётлар етказиб берилишини истисно этмади. «Биз Украинага ғалаба қозониш, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни тиклаш имконини берадиган ҳар қандай ёрдамни кўрсатишимиз керак», — деди у. Агар Ғарб «Украинага ҳарбий ёрдам, ҳарбий техника етказиб беришни камайтирса, Россия урушда ғалаба қозониши эҳтимоли катта ва бу бизнинг мағлубиятимизни англатади», - дея огоҳлантирди Чехия давлати раҳбари.
Самолётларни етказиб бериш масаласида Петр Павел, биринчи навбатда техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, учувчиларни тайёрлаш муддатлари билан боғлиқ жиддий тўсиқлар мавжудлигини тан олди: «Сиёсий ирода мавжуд бўлса ҳам, амалда Украинани реактив самолётлар билан таъминлаш учун камида олти ой керак бўларди». Шунинг учун Украина армиясининг қуролланиши ҳақида гапирганда, қабул қилинган қарорларнинг «прагматизми ва самарадорлиги» ҳақида ўйлаш керак, дейди НАТО собиқ генерали Павел.
Петр Павел НАТО Ҳарбий қўмитасининг собиқ раиси ва Чехия Қуролли кучлари Бош штабининг бошлиғи бўлган. «Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни фаол қўллаб-қувватлаган бўлармидингиз?» деган саволга Павел шундай жавоб берди: «Украинага бўлган қараш вақт ўтиши билан ўзгармади. Мен ҳарбий хизматда бўлганимда ҳам шундай деб ўйлаганман, энди эса - бахтли пенсионер ва янги сайланган президент сифатида. Украинани қўллаб-қувватлаш керак, чунки бу бизнинг манфаатларимизга мос келади», деди DW суҳбатдоши.
Чехияда позициялари кучли бўлган популистларга қарши қандай сиёсат юритиш керак, деган саволга Петр Павел асосий эътиборни фактларга қаратиш, жамоатчиликни нафақат ёқимли аргументлар, балки салбий жиҳатлар ҳақида хабардор қилиш зарурлигини таъкидлади. «Бу дегани: ҳар бир ишда ҳалол бўлиш, асл вазиятни кўрсатишга ҳаракат қилиш ва муаммоларни яширмаслик», деди у. Президентнинг сўзларига кўра, бу «ёндашувни Чехия аҳолисининг аксарияти жуда кутган эди».
Мавзуга оид
15:30 / 24.10.2024
Чехия бош вазири: Украина учун снарядлар сотиб олиш режага мувофиқ кетяпти
16:00 / 18.10.2024
Чехия Украина учун ўқ-дориларни сотиб олишни давом эттиради
13:52 / 02.10.2024
Skoda ўзининг биринчи ихчам электрокроссовери — Elroq’ни тақдим этди
20:48 / 17.09.2024