Ўзбекистон | 14:25 / 06.02.2023
28991
4 дақиқада ўқилади

“Шахсий брендини яратса, халқнинг ўзи боқади” — соғлиқни сақлаш вазири шифокорлар ойлиги ҳақида

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов коррупцияга қарши курашиш ҳақида гапирди. Журналист бунинг учун ойликларни ошириш кераклигини айтди. Бунга жавобан вазир шифокорларга кутилмаган маслаҳат берди: “Агар беморни меҳр билан даволасангиз, рози бўлиб, ўзи сизга баракасини бериб кетади”.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Фарғона вилоятида тиббиёт соҳаси ва ОАВ вакиллари билан учрашувда коррупция масаласида гапириб ўтди.

Интернетда тарқалган видеодан кўринишича, журналистлардан бири коррупцияга қарши курашиш бўйича ташаббус билдиргани учун вазирга миннатдорчилик билдирган ҳолда, ўз фикрини айтган: “Коррупцияни йўқотиш учун аввало ходимга яхши шароит қилиб қўйиш керак, яхши ойлик билан таъминлаш керак”.

Вазир журналистнинг бу гапида жон борлигини таъкидлаш баробарида, тиббиёт соҳасидаги ойликлар масаласига тўхталган.

“Тўғри, гапингизда жон бор. Биз ривожланаётган давлатмиз. Шифокорларимизнинг ойлигини ҳаммасини бирданига 2 минг, 3 минг, 5 минг доллар қила олмаймиз. Мактабларимиз бор... Муаммо кўп. Лекин бу секин-аста бўляпти”, – деган Иноятов.

ССВ раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбар ходимларнинг маоши ҳақида гапириб, шу ерда ўтирган раҳбар-шифокорлардан биридан “қўлига оладиган” ойлиги қанчалигини сўраган.

“5,5 млн? Бемор ҳам кўрасизми? Шу беморни агар меҳр билан даволаб, тўғри ёндашсангиз, (мен ҳам операция қиламан), рози бўлиб ўзи сизга баракасини бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам. Тўғрими? Сўрамасангиз ҳам ўзи бериб, хурсанд бўлиб кетади.

Очиқ-ойдин айтяпман. Мен учун буни вазир сифатида айтиш қанчалик тўғри, лекин мен очиқ айтяпман”, – деган у.

Амрилло Иноятов раҳбар-шифокорнинг 5,5 млн сўм ойлиги ва унга қўшимча беморлар берадиган ҳақни қўшганда етарлича сумма чиқишига ишонч билдирган.

“Етмайдими? Мана савол. Етмайдими деган саволни ўзимизга ўзимиз беришимиз керак.

Гар қаноат бирла бўлсанг барқарор,
Дунёда ҳеч бўлмагайсан хор-у зор, дейди.

Одам сабрли бўлиб, қаноат билан, ўзининг устида ишлаб, ўзининг брендини яратса, зўр мутахассис қилиб ўзининг шахсий брендини яратса, халқ шундай боқадики... Эҳ-ҳе, жонажон халқимизнинг ўзи оёғингизни ерга текиздирмасдан олиб юради”, – деган соғлиқни сақлаш вазири.

У тиббиёт ходимлари “бир йил, икки йил, беш йилдан кейин 5-10 минг доллар оладиган кун келиши” мумкинлигини қўшимча қилган.

“Бунинг учун ҳар бир ташкилотнинг ўзининг раҳбарида гап кўп. Нима учун бундай деяпман. Мана, ректор олдимизда ўтирибди, бу киши яхшироқ билади. Мен 5-6 йил олдин худди шунақа ректор бўлиб ишлаган пайтимда ходимларим... бугун 10 миллиондан 20, 25, 30 миллион сўмгача ойлик оляпти. Шунақа пул топиш йўлларини қилиб берганман. Расмий пул топамиз ва шундан ишига қараб, тақсимотини қиламиз. Марҳамат, бу ваколат ҳамма раҳбарга берилган. Бу раҳбарнинг шахси билан боғлиқ-да”, – деган Иноятов.

Вазир сўзининг якунида яна бир бор раҳбарлар “тоза” бўлиши кераклигига урғу берган.

“Жуда ҳам тўғри савол бердингиз. Унинг учун раҳбар тўғри ишлаши керак-да! Раҳбар тоза бўлиши керак. Ўзидан бошлаши керак. Ўзи намуна бўлиши керак. Ҳамма параметр бўйича”, – деган ССВ раҳбари журналистга қарата.

Мавзуга оид