Ўзбекистон | 16:24 / 08.02.2023
16892
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев трансформатор ишлаб чиқариладиган корхонага борди

Маҳаллий трансформатор ишлаб чиқаришни ривожлантириш – барқарор электр таъминотининг муҳим омили экани таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги «Aysel Energy» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

«Маълумки, бу йилги қиш анча совуқ бўлгани электр энергияси тизимидаги муаммоларни яққол юзага чиқарди. Хусусан, айрим эски трансформаторлар юкланишни кўтара олмай, электр таъминотида узилишлар кузатилди.

Шавкат Мирзиёев соҳа мутасаддиларига электр тармоқларини янгилаш, зарур жиҳозлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берган эди. Бу ташриф ўша вазифалар ижроси, келгусида энергетик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг бир қисми бўлди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

«Aysel Energy» йилига 10 минг дона йирик электр ускуналари ишлаб чиқариш қувватига эга. Туркия технологияси ўрнатилган корхонада маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етган. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш таннархи ва ўрнатиш харажати кам. Бу эскирган трансформаторларни нафақат пойтахтда, балки бутун республикада янгилаш имконини беради.

Мутасаддилар бу йил Ўзбекистонда 3 минг 200 та трансформатор, 12 минг километр кабелларга зарурат борлиги ҳақида ахборот берди. Президент импорт таҳлилидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий маҳсулотларга буюртмаларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Умуман, энергетика соҳасидаги бундай ишлар электр тармоқларининг барқарорлигини оширишда муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид