Жаҳон | 08:06 / 10.02.2023
10092
3 дақиқада ўқилади

Беларусда Нобел мукофоти лауреати 12 йилга қамалиши мумкин

Беларусда давлат айбловчиси Алес Беляцкий учун 12 йил, "Весна" иши бўйича бошқа айбланувчилар учун 9 йилдан 11 йилгача жазо муддати сўради.

Алес Беляцкий / Фото: Delfi

Минскнинг Ленинский тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида давлат айбловчиси "Весна" ("Вясна") инсон ҳуқуқлари маркази иши бўйича тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Алес Беляцкийга 12 йил қамоқ жазоси сўради. Иш бўйича бошқа айбланувчилар – "Весна"нинг адвокати Владимир Лабкович ва ташкилот бошқаруви аъзоси Валентин Стефанович учун мос равишда 9 ва 11 йиллик жазо талаб қилишди, деб хабар берди 9 февраль, пайшанба куни БелТА.

Чет элда бўлган "Весна" кенгашининг яна бир аъзоси Дмитрий Соловёв учун давлат айбловчиси 10 йил сўради. Соловёвнинг ҳужжатлари судда алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.

Барча ҳолатларда гап кучайтирилган режимдаги колония ҳақида кетяпти. Бундан ташқари, давлат айбловчиси судланувчиларнинг ҳар бири 5000 та базавий ҳисоблаш миқдори (1 та базавий ҳисоблаш миқдори = 37 Беларус рубли) миқдорида жарима тўлаши кераклигини таъкидлади.

Айбланувчилар "контрабанда" ва "оммавий тадбирларни ташкил этиш ёки ўтказиш тартибини такроран бузиш" (Беларус Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 4-қисми ва 342-моддаси 2-қисми) бўйича айбланмоқда.

Алес Беляцкий, Валентин Стефанович ва Владимир Лабкович 2021 йилнинг июлида ҳибсга олинган эди. Суд жараёнида айбланувчилар қафасда, қўллари кишанланган.

Алес Беляцкий эшитувлар чоғида Беларусда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг узоқ муддатли таъқиб қилиниши сиёсий сабабларга кўра эканлигини таъкидлади. Нобел мукофоти совриндори Беларус Адлия вазирлиги "Весна"ни бир неча бор рўйхатдан ўтказишдан бош тортганини эслади. Айбланувчилар ўз айбларига иқрор бўлмади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, январь ойи охирида Беларусда сиёсий маҳбуслар сони 1500 га яқинлашган.

Қамоқдаги Беляцкий2022 йилда Россиянинг "Мемориал" ташкилоти ва Украина фуқаролик эркинликлари маркази билан биргаликда Тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлди.

Бундан олдин DW нашрига берган интервьюсида Беларусдаги намойишчиларни жиноий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ вазиятни изоҳлар экан, Беляцкий репрессия даражаси ҳаддан ташқари миқёсда эканини айтди. "Мамлакатдаги репрессиялар кўлами жуда катта, бу Сталин давридан бери содир бўлмаган. Буни ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди", - деди у.

Мавзуга оид