Ўзбекистон | 16:41 / 10.02.2023
19268
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жиззахда ишга туширилган саноат корхоналарини бориб кўрди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 27 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратилган. Охирги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, бизнесга қулайлик кенгайтирилди. Ҳозир бу ерда кўп турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар қаторига 2022 йил октябрда Iruskon қандолат корхонаси қўшилди.

Давлат раҳбари унинг иш жараёнини, маҳсулотларини кўздан кечирди. Корхонада Россия, Туркия, Германия ва Италия тажрибаси асосида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қуввати 12 минг тонна. 100 га яқин киши иш билан таъминланган. Келгуси йил иккинчи босқич учун Германия ва Туркиядан яна 5 миллион долларлик ускуналар олиб келиш режалаштирилган. Бунинг натижасида яна 550 нафар янги иш ўрни яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Иқтисодий зонадаги яна бир корхона - Master Building Products масъулияти чекланган жамиятида йилига 3 миллион дона қувур ва фитинг маҳсулотлари, қурилиш материаллари тайёрланади. 600 га яқин иш ўрни яратилган. Давлат раҳбари ушбу маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Global Optical Communication Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси ҳам кўздан кечирилди. Бу ерда йилига 85 минг километрлик оптик толали кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 115 киши меҳнат қилмоқда.

Президент корхоналарда маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берди. “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида яна 14 лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 5 таси жорий йилда ишга туширилади.

Мавзуга оид