Американинг ихчам самолётлар ишлаб чиқарувчи Joby Aviation компанияси 2025 йил охиригача Ню-Йорк ва Лос-Анжелесда “ҳаво таксиси”ни ишга туширишни режалаштиряпти. Бу ҳақда Business Insider хабар берди.

Инновацион ихтиро автомобиллар ва вертолётларга муқобил сифатида кўриляпти. Joby Aviation мазкур лойиҳа учун Tayota, Delta Airlines ва Uber’дан катта миқдорда сармоя жалб қилган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, саёҳат нархи Uber Black тарифи даражасида бўлади – тахминан 100−200 доллар. Кейинчалик бу Uber XL тарифи нархларига тушиши мумкин – 50-100 доллар.

eVTOL Joby’нинг асосий афзалликларидан бири унинг паст шовқин даражасидир. Компания бош директори Жобен Бевиртнинг таъкидлашича, 500 метр баландликда қурилмадан чиқадиган овоз дарахтлардаги шамол овозига ўхшайди. NASA парвознинг шовқин даражасини атиги 45,2 децибел деб қайд этди, бу музлаткичнинг овозидан ҳам сокинроқ.

Аввалроқ, Joby Aviation Жанубий Корея ҳукумати билан ҳамкорликда одамларнинг тирбанд шаҳарлар бўйлаб ҳаракатланишини осонлаштиришга қаратилган концепция устида ишлаётгани хабар қилинганди. Электрда ҳаракатланадиган учар такси 4 нафар йўловчи ва 1 нафар учувчи сиғимига эга бўлиши, соатига 321 км тезликда ҳаракатлана олиши ва оддий вертолётга қараганда 100 мартагача шовқинсизроқ бўлиши хабар қилинганди.

Шунингдек, Joby Aviation Дубайда ҳам ҳаво таксисини ишга тушириш бўйича шартнома тузган. Ушбу хизмат 2026 йилгача ишга туширилиши режалаштирилган. Қайд этилишича, биринчи босқичда 4 та вертипорт очилади: шаҳар аэропорти, Палм-Жумейра, Дубай Марина ва шаҳар марказида. Учар такси хизмати ишга туширилгач, Палм-Жумейрадан аэропортгача бўлган йўл вақти 45 дақиқадан 10 дақиқагача қисқариши мумкин.

Учар таксилар замони бошланяптими?

Яқин орада шаҳарлараро саёҳатларга кетадиган вақт 75 фоизга қисқариши мумкин. Бу — вертикал учиш ва қўниш самолётлари (VTOL — инглизча қисқартмаси) орқали реалликка айланади. Улар вертолётларга ўхшаб кетади, бироқ қанотлари вертолётникидан бошқача. Яна VTOL’лар учиши ва қўниши учун махсус йўлаклар шарт эмас. Ўз номи билан улар қўниш майдончаларисиз вертикалига уча олади ва қўнади.

VTOL’лар тирбанд шаҳарларда йўловчиларни турли манзилларга ташиши, тез ёрдам машинаси ёки етказиб бериш хизмати учун транспорт вазифасини бажариши мумкин.