Шусиз ҳам сув тақчиллиги, қурғоқчилик ва чўлланиш каби муаммолар билан курашаётган Ўзбекистон олдида яна бир жиддий муаммо пайдо бўлган.
2022 йил 31 март куни “Толибон” ҳукумати мамлакат шимолидаги йирик канал қурилиши лойиҳаси тақдимотини ўтказган эди. Унга кўра, Балх вилояти ҳудудида Амударёдан бошланадиган Қўштепа канали қурилмоқда.
Бу канал қуриб битказилганда сув кам йилларда суви 34 куб километргача пасайиб кетадиган Амударёнинг деярли 10 куб километр, яъни учдан бир қисм суви Афғонистоннинг ичкари ҳудудларига оқиб кетади. Бу эса Хоразм, Бухоро, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси учун жиддий оқибатлар яратиши мумкин.
Kun.uz мухбири Ўзбекистон давлатчилиги олдида турган ушбу йирик муаммо ва умуман Афғонистондаги вазият, у ердаги муваққат ҳукуматнинг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларида пайдо бўлган чигалликлар ҳақида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов, сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов билан суҳбатлашди.
— Усмон ака, Афғонистон шимолида қурилаётган Қўштепа канали. Мелиоратор олим сифатида сиз бу лойиҳадан қанчалик хабардорсиз, бу қандай лойиҳа ва у қуриб битказилса, нима бўлади?
Усмон Норқулов:
— Афғонистондаги узоқ йиллик урушлар сабаб сув тизимида, қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар бўлиб кетган. Ўтган асрнинг 70-йилларида Афғонистон 3,5 млн гектар ерни суғориб деҳқончилик қилган. Кейинги йиллардаги нотинчлик сабаб 1,5 млн гектар ер қишлоқ хўжалигидан чиқиб кетган. Фақат ер эмас, суғориш тармоқлари ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ҳозирги қазилаётган канал ростдан ҳам жуда катта.
Сувнинг бош қисмини қаердан олишади, деган муҳим савол бор бу ерда. Ҳозирги берилаётган маълумотларга кўра, Амударёнинг бошланиш қисмидан олишади. Канал Афғонистоннинг текисликдан иборат ҳудудидан ўтади. Айни канал ўтадиган жануби-шарқий қисмида катта текислик бор. Бу текисликнинг катта қисми Қорақум чўли ҳудудига тўғри келади. Канал эса қумли ҳудуддан ўтади ва каналнинг фойдали иш коэффициенти паст бўлади. Туркманистоннинг Қорақум канали ҳам худди шундай тоифадаги канал.

Ўйлайманки, агар тупроқ узанидан кетадиган бўлса, катта миқдорда сув йўқотишлари бўлади. Атроф экологиясига, тупроқнинг таркибига, шўрланиш циклига жуда катта таъсир ўтказади. Далага 50 фоиз сув етиб боради, дейлик, лекин ўша ердаям яна муаммолар бор. Чунки дала ҳали бу сувни қабул қилишга тайёр эмас. Энг ёмон томони шундаки, у ерда суғориш тармоқлари, тақсимлаш-ўлчаш иншоотлари бўлиши керак. Ўша ҳудуддаги деҳқонларнинг тайёргарлиги қандай, нима етиштирмоқчи, қанча сув талаб қиляпти, деган масалалар турибди.












