– Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантиришга доир қарорни имзолади. Бу қарор билан тизимда нималар ўзгаради? Жамоатчилик ўзгаришларни сезадими?

– Президентимиз бошчилигида 6-7 йилдан бари ички ишлар тизимини ислоҳ қиляпмиз. 20 январда ҳам муҳим қарор имзоланди. Қарордан белгиланган биринчи мақсад инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган.

Ички ишлар органларини халқчил тизимга айлантириш учун ички ишлар тизимини ижтимоийлаштириш масаласи қўйилган. Қарор натижасида тузилма ва мазмун ўзгарди. Биринчи ўринда ички ишлар ходимларига муомала маданияти, одамларни рози қилиш вазифаси қўйилган.

Президент қарори билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси қабул қилинган. Кодексда ходимларнинг маданияти, билими ва тартиб интизомини кучайтириш масаласи бор.

– Кодексдаги қоидаларга амал қилиш қатъий белгиланмоқда. Қоидадан четга чиқилса, интизомий жавобгарликка тортиш, ҳатто ишдан бўшатишгача бўлган чоралар кўрилиши белгиланган. Бу каби қоидалар олдин ҳам мавжуд эди бошқа ҳужжатлар шаклида. Кодекс қабул қилингач, амалда нималар ўзгаради?

– Тўғри, олдин ҳам интизом низоми бор эди. Улар идоравий ҳужжат мақомида бўлган ва аҳамияти алоҳида кодексникичалик катта бўлмаган. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни, ички ишлар ходимларининг нотўғри ҳаракатларни кўриб чиқиб ҳам ўрганганмиз ва таҳлил асосида уларни кучайтириш, фуқаролар билан муомала маданияти, улар билан ҳамкорлик қилиш бўйича кодекс қабул қилдик.

Биринчи ўринда камтарлик қадрланади, кодексда фуқароларни билан менсимаслик ҳолатлари содир этмаслиги қатъий талаб сифатида белгиланган. Илгари вазир буйруғи шаклида ҳам шундай талаблар бўлган, аммо уларни фақат ходимларнинг ўзлари биларди, фуқароларнинг хабари бўлмасди. Ҳозирги ҳужжатни ҳар бир фуқаро кўриши, билиши мумкин. Фуқаролар ходимлардан кодексдаги қоидаларга риоя этишни талаб қилиш имконига эга.