— Қарийб 60 йиллик ижодий фаолиятингиз давомида сиз ҳақингизда тайёрланган ёки сиз иштирок этган кўрсатувлар, интервьюлар сони ҳам юздан ошгандир. Худди берилмаган савол ҳам қолмагандай туюлади. Лекин сиздай хазинага айланаётган одамлар билан суҳбат қиларканмиз, биз учун ҳам асраб қўйган жавоҳири бор, ҳеч кимга айтмаган битта гапини бизга айтади, деган умидимиз йўқ эмас, албатта. Айни пайтда ижодкор сифатида нималар билан бандсиз?

— Яқинда «Судья» деган сериалда рол ижро этдим. Яқин кунларда томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Пандемия ва яна бошқа сабаблар билан театрда кўп асарлар қолиб кетди. «Алишер Навоий», «Мирзо Улуғбек» каби оммавий саҳналари бор асарлар қўйилмади. «Мирзо Улуғбек»да Абдулатиф ролини ижро этадиган Фатҳулла Маъсудов вафот этди, Гавҳаршодбегим ролини ўйнайдиган Яйра Абдуллаева ҳам оламдан ўтди. Ўйлаб қарасам, бу спектакл икки йилдан бери қўйилмаяпти экан. Театрдагиларга айтдим, энди «Мирзо Улуғбек» спектаклини тиклаймиз. Қўчқор Норқобилнинг «Тақдир синовлари» деган асари бор, уни ҳам қайта тиклаймиз. Ҳозирча режаларим шу.

— Ҳаёт ва ижод йўлингиз билан танишар эканман, битта маълумот мени ҳайратга солди. Яъни Эркин Комилов 22 нафар фарзанднинг ўн тўққизинчиси. Ёки бу маълумотда муболаға борми?

— Муболаға йўқ. Ростдан 19-фарзандман. Мендан кейин иккита синглим, битта укам бор – 22 фарзандмиз. Лекин бирорта акам ҳам, опам ҳам йўқ. Менгача бўлган ака-опаларим ўтиб кетган, тиббиёт ривожланмаган давр бўлгани учун ҳар хил касалликлар сабаб ўтиб кетишган. Исмимни Тангриберди деб қўйишган, лекин қишлоқда қисқартириб айтишади, деб Эркин қўйишган кейин.

Отам жуда зиёли, илмли одам бўлган. Комил қори дейишган, Қуръонни ёд билганлар.

— Болалигингиз урушдан кейинги қийин даврларга тўғри келади. Андижоннинг Курфа қишлоғида катта бўлаётган кичкинагина Эркин. У мактабда қандай ўқирди? Қандай бола эди? Шўхми, жиддийми ёки қитмирроқ?

— Ўша даврларда қишлоқ болаларга раҳм-шафқат қилмас эди, йўқ! Дадам раҳматли ер чоп, дерди – чопардим, кейин кесагини майдалаб қўй, дерди – кесагини майдалардим. Сўнг картошка, сабзи, яна бошқа нарсалар экардик. Сув қўярдик. Молга ўт олиб келардик. Ишлардан кейин дарс қилардик.

Болалик Худога яқин пайт бўлади. Қачон катта бўламиз, дердик. Катта ҳам бўлдик, шаҳаргаям келдик. Отам доим: «Ёмондан йироқ бўл. Бировнинг ҳақини чўнтагингга солмагин, ўз ҳақингни талаб қиладиган йигит бўлгин, деб ўқитяпман, Эркинбой» дерди. Лекин шаҳарга келиб, ўқиб юрганимда ўша болаликка қайтгим келарди. Шаҳардаги майда-чуйда ғуборлар менга юқмасмикан, деб қўрққанман. Барибир юққан... Ҳозир ўзимни пок деб билмайман. Умуман, бизнинг ёшдагиларнинг ҳаммаси гуноҳкор бандалар. Беайб – Парвардигор.