Ўзбекистон | 17:10 / 12.02.2023
24841
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудларидан 6 нафар ўзбекистонлик Тошкентга эвакуация қилинди

Жабрланувчиларнинг 5 нафари бир оила вакилларидир.

11 февраль куни ўзбекистонлик оиланинг 5 нафар аъзоси 11 февраль куни зилзила содир бўлган Малатя шаҳридан эвакуация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берган.

Қайд этилишича, ўзбекистонликларга авиачипталар Туркиядаги Бош консулхонанинг табиий офат оқибатини бартараф этиш учун очилган махсус ҳисоб рақамидан харид қилинган.

Шу куни яна бир Ғозиантеп шаҳридан яна бир ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани маълум қилинди.

10 феврал куни Бош консулхона кўмаги билан 2 нафар ватандошимиз зилзила содир бўлган Адана шаҳридан Истанбулга эвакуация қилингани, уларга Uzbekistan Airways’нинг HY-274 Истанбул-Тошкент самолёти учун авиачипта олиб берилиб, Ўзбекистонга кузатиб қўйилганди.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги Туркиянинг Ҳатай вилоятидан 11 нафар ўзбекистонлик ва 6 нафар қирғизистонлик махсус самолётда Тошкентга эвакуация қилингани ҳақида хабар берганди.

Эвакуация қилинганлар Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудларида бедарак йўқолиб, кейинчалик вайроналар орасидан қутқарилган ўзбекистонликларми ёки бошқа фуқаролар, бунга расмий хабарларда аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача Туркиядаги зилзила оқибатида Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси ҳалок бўлган. Вайроналар орасида 3 нафар ватандош қутқариб олинган бўлса, бедарак йўқолган ўндан зиёд ўзбекистонлик қидирилмоқда.

Мавзуга оид