Қўшинларни бошқариш тобора кўпроқ рақамли тармоқларга боғлиқ бўлиб бормоқда
Фото: GETTY CREATIVE STOCK

Delta тизими октябр ойида НАТOнинг Tide Sprint ёпиқ тадбирида тақдим этилганди. Delta.mil.gov.ua сайтида тизимни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан Украина мудофаа вазирлигининг Мудофаа технологияларини ривожлантириш ва инновация маркази шуғулланаётгани ҳақида хабар берилган.

Бироқ, New York Times нашри ноябр ойида ушбу тизим НАТО билан ҳамкорликда ишлаб чиқилгани ва Украинадаги уруш уни синовдан ўтказиш ҳамда тузатиш учун тажриба полигонига айланганини ёзди.

Тизимга кириш жойи интернетдаги Delta.mil.gov.ua манзилида жойлашган, дейилади пресс-релизда.

Delta тизимининг тузилиши унинг тавсифида айтилишича, учта асосий компонентдан иборат:

  • Delta monitor — бу душман кучлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва намойиш қилиш, мудофаа кучларини мувофиқлаштириш, шунингдек, НАТО стандартлари бўйича вазиятдан хабардорликни таъминлаш учун воситадир.
  • Element — бу бўлинмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва мувофиқлаштирилиши учун хавфсиз мессенжер.
  • Delta tube — видеоларни жўнатиш учун ҳимояланган канал.

Шунингдек, пресс-релизда айтилишича, тизимга сунъий йўлдош тасвирлари, радарлар, детекторлар, GPS-трекерлар ва қуроллардан олинган маълумотларни етказиб берувчилар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари интеграцияланган.

Тизим ҳакерлар ҳужумидан ҳимояланган. Украина мудофаа вазирлиги сайтида ёзилишича, ҳукумат Delta’ни ракета ҳужумлари ва киберҳужумлардан ҳимоя қилиш учун унинг базасини мамлакат ташқарисидаги «булут»га жойлаштиришга рухсат берган.

Бу қандай тизим?

Бундай тизимларнинг умумий принципларини таърифлаш қийин эмас — ўйинчи жанг майдонини кўрувчи ва сичқонча ёрдамида ўз қўшинларига буйруқ берувчи тактик компьютер ўйинини тасаввур қилинг: танк қисмлари жангга киради, ракеталар нишонга қараб учади, захира кучлари керакли вақтда керакли нуқтага қараб ҳаракатланади (масалан Command & Conquer: Generals).