Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил июлда Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда икки минтақа ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича резолюция қабул қилиш ташаббусини билдирган эди. БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этилган ҳужжатда икки минтақа ўртасидаги мулоқотнинг умумий ёндашувлари, асосий тамойиллари ва йўналишларини ҳужжатда мустаҳкамлаш таклиф қилинди. БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида Ўзбекистон томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича тайёрланган резолюция бир овоздан маъқулланди ва унга дунёнинг турли минтақаларидан 40 мамлакат ҳаммуаллифлик қилди.
Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассислари Алишер Қодиров ва Сарвар Камоловлар Kun.uzʼга тақдим қилган мақоласида ушбу резолюциянинг аҳамияти борасида сўз боради.
«Ҳужжат халқаро ҳамжамият кўпчилик аъзоларининг фикрини ўзида акс эттиради ва унинг минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш, жумладан, минтақалар ўртасида алоқаларни ўрнатишда Афғонистоннинг ролини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, савдо-иқтисодий алоқалар самарадорлигини ошириш, транспорт ва транзит коридорларини ривожлантириш каби соҳалардаги фаолиятини кучайтиришга қаратилган.
Қарорнинг қабул қилинишини нафақат Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, балки бутун халқаро ҳамжамият учун тарихий воқеа сифатида таърифлаш мумкин. Бунинг маъноси шундан иборатки, у биринчи марта бугунги шароитда глобал минтақалараро ривожланиш стратегияси ва дастурларини узоқ муддатли асосда амалга ошириш учун қонуний равишда таъминланди ва қўшимча имкониятлар очди.
Иккинчидан, икки минтақа мамлакатлари дипломатик муносабатлар тарихида ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйди, буни уларни бирлаштириш жараёнидаги дастлабки қадамлар деб аташ мумкин. Давлатлар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ўз мамлакатлари, халқлари тараққиёти учун барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини тасдиқлади», - дейди муаллифлар.
Резолюция Марказий Осиё ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ва глобал таҳдидларни ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувига айланди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофи ва қўллаб-қувватланишини ифода этади ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқич бўлади.

















