Барнаул суди RusNews онлайн-ОАВ журналисти Мария Пономаренкони Россия армиясининг ҳаракатларига оид «фейклар» (Жиноят кодексининг 207.3-моддаси 2-қисми) тарқатганлиги учун олти йилга озодликдан маҳрум қилди. 15 февраль, чоршанба куни RusNews Telegram-каналида хабар қилинишича, худди шу даврда унга журналистик фаолият билан шуғулланиш ҳам тақиқланган.
«Телевизорда Украина томондан «уринглар» деган чақириқларни кўрсам, бизникиларнинг «уринглар» деган чақириқларини кўрсам, тушунмайман. Биз йигирма биринчи асрдамиз. Тош асрида яшамаяпмиз. Нега Чеченистонни 90-йилларда қўйиб юбормадик? Сизлар қўшниларнинг худди шундай ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, ўзингизда буни тақиқлаяпсиз. Бу иккиюзламачилик», дея маълум қилди Мария Пономаренко сўнгги сўзида.
Журналистга нисбатан жиноий иш 17 март куни 1,6 минг обуначи бўлган Telegram-каналида эълон қилинган пост сабабли қўзғатилган. Расмийларнинг даъвосига унинг «Цензуры нет» Telegram-каналида Украинанинг Мариупол шаҳридаги театрда яширинган одамлар ҳақида ёзган постлари сабаб бўлган.
Апрель ойи охирида Санкт-Петербург суди Пономаренкони Россия қуролли кучлари ҳаракатларига оид «фейк» хабарлар тарқатиш иши доирасида тергов изоляторига жўнатди. Сентябрь ойида журналист қамоқда бўлганида ўз жонига суиқасд қилган. RusNews хабарига кўра, у клаустрофобиядан азият чекади, шунингдек, шахсиятнинг истерик бузилиши ташхиси қўйилган.
Ноябрь ойида суд Пономаренкони уй қамоғига ўтказди. Шу йилнинг январь ойи охирида қиз кечаси уйдан чиқиб, ўзи ички ишлар бўлимига келган. RusNews хабарига кўра, уй қамоғи шартларининг бузилишига уйдаги ноқулай вазият сабаб бўлган – у квартирасида уй қамоғида бўлган собиқ эри билан жанжаллашган. Журналист судга олиб борилди ва унга нисбатан яна тергов изоляторига жойлаштириш эҳтиёт чораси танланди.

















