Айни пайтда Тошкентдаги 4 та: Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли кўчаларига автобуслар учун алоҳида йўлак қилинган ва чизиқлар тортилиб, катта ҳарфда А ҳарфи ётқизилган. Ўтган ой охиридан мана шу йўлаклардаги қоидабузарликни аниқлаш ва унга чора кўриш мақсадида Навоий, Фарғона йўли ва Амир Темур шоҳкўчаларига 55 дона кузатув камералари ўрнатилди.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг Kun.uzʼга берган маълумотига кўра, 19 январдан бошлаб, камералар қоидабузарлик сифатида қайд этган ҳолатлар тегишли қурилмаларда сақлана бошланган.
Камера 360 градусли бўлиб, у автобус учун ажратилган махсус йўлак ва унга тортилган 1.1 чизиғини кузатади. Агарда қайсидир автомобил шу чизиқни босиб йўлакдан ҳаракатланса ёки у ерда тўхтаб тургани кўринса, ҳолат ЙҲХХ ходимларига келиб тушади. Ходимлар буларни кўриб чиқиб, ҳақиқатан қоидабузарлик содир этилганларига протокол расмийлаштиради.



“Тошшаҳартрансхизмат” вакилининг айтишича, камералар тўлиқ ишлаб турган бўлса-да, тизим тўлақонли ишга туширилмаган. Қоидабузарларни жаримага тортиш тизими ЙҲХБ базасига интеграция қилинганидан кейин бошланади.
“Аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотларни протокол тузишлари учун ЙҲХБга юбориш имкониятига эгамиз, аммо ҳозирча бундан фойдаланмаяпмиз. Чунки одамларимиз бу профилактик чоралар жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш мақсадида қилинаётганини тушуниб етишлари керак. Айни вақт автобуслар ичига ҳам автоматлаштирилган фото ва видеога олувчи қурилмаларни ўрнатишни режа қиляпмиз. Бир қанча автобуслар шундай камералар билан таъминланади. Улар ҳаракатланаётган вақтда тизим автоматик тарзда йўллардаги қоидабузарликларни аниқлайди ва ўша заҳотиёқ ЙҲХБнинг маълумотлар тизимига юборади.


















