Теҳрон узоқ вақт давомида Россияга дронлар етказиб бераётганини тан олмади. Кремль эса ўз навбатида, дронлар Россиянинг ўз ишланмаси эканлигини даъво қилди.

Бироқ 2022 йил ноябрида Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён унинг мамлакати Россияга худкуш дронлар етказиб берганини тан олди. Аммо, унинг сўзларига кўра, бу экспорт Россиянинг Украинага кенг кўламли уруши бошланишидан бир неча ой олдин содир бўлган.

Лекин, Украина расмийлари айтишича, Россия ҳали ҳам Эрон дронларини сотиб олишда давом этмоқда ва аллақачон 1500 дан ортиқ Shahed’ларни қабул қилган. 2023 йилнинг январ ойи ўрталаридаги ҳисоботда, Украина ҳаво мудофааси ушбу дронларнинг 500 га яқини йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Агар 2022 йил кузида, Россия Shahed’лардан биринчи бор фойдаланишни бошлаганда анча катта муваффақиятларга эришган бўлса, ҳозирда Украина бу дронларнинг барчасини уриб тушираётганини маълум қилмоқда.

Аммо, Эрон дрони аллақачон жуда самарали қурилма сифатида дунё миқёсида шуҳрат қозонишга муваффақ бўлди. Теҳрондагилар бу дрон билан фахрланишларини очиқчасига айтмоқда. Shahed’ларнинг сири нимада ва Украина ушбу дроннинг ўзига хос муқобилларини ярата оладими?

Украина президенти Володимир Зеленский уриб туширилган Эрон дрони олдида

Мураккаб «мопед»

Россия қўшинлари Украинага қарши энг кўп Shahed-136 зарбдор дронларидан фойдаланади ва уни «Герань-2» деб номлайди. Кичикроқ ва кучлироқ Shahed-131 (ёки «Герань-1») дронидан ҳам бир неча марта фойдаланилган. Бундан ташқари, Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг Muhajer дрони уриб туширилгани ҳақида ҳам хабар берган.

Shahed’нинг асосий афзаллиги автоном тарзда катта масофани учиб ўтиши ва белгиланган нишонга аниқ зарба беришидир. Дроннинг жанговар қисмида нишонни йўқ қилиш учун портловчи модда мавжуд (Shahed-136’да тахминан 40 кг, Shahed-131’да эса 10 кг).

Ушбу мослама ўлчамлари жиҳатидан жуда кичик: узунлиги 3,5 метр, оғирлиги эса 200 килограммгача. Дрон деярли 2 минг километр масофага уча олади.

Бироқ дроннинг поршенли двигатели баланд овозда ишлайди, шунинг учун у украиналиклар орасида «мопед» лақабини олган.

Shahed Украинадаги фронтда биринчи марта 2022 йилнинг сентябр ойи ўрталарида қўлланган. Ўшандан бери улар турли шаҳарлар, жумладан, пойтахт Киевдаги объектларга мунтазам равишда ҳужум қилиб келмоқда.