Жамият | 16:27 / 22.02.2023
16821
4 дақиқада ўқилади

“Сизга моддий ёрдам ажратилди”, “Ютуқли ўйин ғолиби бўлдингиз”, “Мен банк ходимиман” – кибержиноятчилар одамларни қандай тузоққа туширмоқда?

Ўзбекистонда учраётган кибержиноятларнинг статистикаси ва таснифи очиқланди.

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Саидкамол Содиқовга кўра, сўнгги пайтда кибержиноят содир этилиши бир неча баробарга ортган. У фирибгарлар томонидан қуйидаги усуллардан фойдаланиб, кибержиноят содир этилаётганини маълум қилди:

§ моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби алдовлар билан юборилган сохта ҳавола орқали банк карта махфий кодни қўлга киритиш йўли орқали (34 фоизи);

§ олдиндан тўловларни амалга оширишга эришиб, пулларни қайтармасдан ва келишувни бажармасдан жабрланувчи маблағини қўлга киритиш йўли билан (22 фоизи),

§ телефон қўнғироқлари давомида ўзини тўлов компанияси (“Click” ва бошқалар) ёки банк хавфсизлик хизмати ходими деб таништириб, карта рақами ва махфий кодини қўлга киритиш орқали (17 фоизи),

§ онлайн савдо платформалари орқали карта рақами ва кодининг ошкорлаштирилиши натижасида (14 фоизи),

§ сохта онлайн молиявий биржалар орқали (Binance ва бошқалар) содир этилгани аниқланган (9 фоизи).

“Шунинг учун бундан кейинги ишларимизда банк карталари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва аҳоли орасида “рақамли иммунитет”ни шакллантириш, шунингдек, 2022 йил 3 февралдаги “Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг 20 февралидан бошлаб 10 кун давомида Тошкент шаҳрининг банк карталари билан боғлиқ мурожаатлар энг юқори бўлган Олмазор, Чилонзор ва Юнусобод туманларида “CYBER 10 DAY” комплекс тарғибот тадбирларга старт берилди”, дея Саидкамол Содиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мулозимга кўра, “CYBER 10 DAY” комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” шаклидаги аҳолининг ҳар бир қатлами ўртасида индивидуал ёндашув асосида олиб борилади. Тадбир давомида, корхона, ташкилот, муассасалар ва таълим муассасалари шунингдек, бозорлар, савдо комплекслари ва жамоат жойлари ҳам қамраб олинади.

Одамларга банк карта бошқарувини тасдиқловчи кодни ошкор этиш орқали пул маблағлари талон-торож қилиниши ҳамда глобал тармоқ орқали содир этилаётган бошқа жиноятларнинг оғир оқибатлари хусусида тушунтириш ишлари олиб борилади. Аҳолининг ушбу турдаги жиноят усулларидан хабардорлигини ошириш ҳамда кибержиноятлардан ҳимояланиш бўйича расмий You Tube каналида жойлаштирилган тарғибот видеолавҳалари орқали жойларда амалий кўрсатиб берилади.

Саидкамол Содиқов тадбирлар давомида кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи ҳамда кибержиноятлардан огоҳ бўлишга қаратилган 10 дан ортиқ инновацион ёндашув асосида танловлар ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Жумладан:

  • маҳаллалар ўртасида “Энг яхши маҳалла” танлови;
  • катта ёшдаги аҳоли вакиллари, нафақахўрлар иштирокида “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман” номли танлов;
  • блогерлар ўртасида “Энг яхши контент” танлови;
  • таълим муассасаларидаги ёшлар, ижодий фаолият билан шуғулланувчи аҳоли ўртасида “Энг яхши монолог”, “Энг яхши иншо”, “Энг яхши шеър” танловлари;
  • 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Киберхавфсизлик билимдонлари” интеллектуал ўйинлари.

Комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари 2023 йилнинг 1 март кунига қадар давом этиб, танловларда фаол иштирок этган ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш тадбирлари Ёшлар ижод саройида ўтказилиши белгиланган.

Танлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тадбирларнинг ҳар бир босқичи фото ва видеога олиниб, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг ижтимоий тармоқлардаги You Tube ва Telegram-каналларида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади.

Мавзуга оид