Телеграм-каналларида собиқ иттифоқ даврида зарб этилган ҳамда Ленин тасвири туширилган сўлкавой (қиймати 1 рубл (сўм) бўлган танга) 8 млн рубль (айни пайтдаги курс бўйича 105-110 минг доллар) туриши иддао қилинган видео тарқалмоқда.

Видеода бундай танганинг тавсифи ҳам келтирилган. Унга кўра, танганинг олд қисмида Лениннинг чап тарафга қараган тасвири ҳамда 1870–1924 ёзуви, орқа тарафида эса 1962 йил ёзувчи туширилган бўлиши керак.

Васваса синдроми

Аллақачон бу мавзу интернетнинг ўзбек сегментида акс-садо бериб улгурди. Ижтимоий тармоқларда бу маълумот ҳақиқатга тўғри келиши ё келмаслигини сўраётганлар кўпайган. Жумладан, Дилфуза Шокирова Facebook’даги Maslahat.uz гуруҳида шундай ёзади:

“19 та Ленин тангаси боракан. Интернетда улар 110 минг доллар туради деган видео тарқалганини кўриб бувим: “Тез сотиб беринглар” деб кўтариб келибдилар. Илтимос, шу сўлкавой тангаларни нархи қанчадан ва кимга сотса бўлади, билганлар айтворинглар”.

Фото: Facebook / Maslahat.uz

Ушбу пост муҳокамаларга сабаб бўлгани, Facebook фойдаланувчилари томонидан кўплаб изоҳлар ёзилганини кўриш мумкин.

“Бир тийинга ҳам олишмайди”, деб ёзган Азизжон Имомов.

“Ёлғон хабар – бу, сафсата ҳаммаси”, дея фикр билдирган Элёр Ҳазратов.

“Икки йил олдин 16 кг гантель тош қидириб юрганлар, ўн-ўн беш йил олдин Зингер тикув машинасини қидириб юрганлар ҳалиям мўъжизага ишониб юришган экан-да”, деган Даврон Холиқов.

“Бирор кишида бир қоп бор шекилли. Шунақа гап тарқатиб кейин тангани аҳмоқларга пуллайди. Бу антиквар ҳам эмас, ноёб тангаяммас. Мабодо сотиб олгингиз келса, 10 минг сўмдан қимматга олманг”, деб ёзган Бегзод Раҳмонов.

“Бу – фирибгарларнинг ўйинлари. Ишонманг! Булар олдин ўзлари реклама қилишади ва талаб ошиб кетгач ўзларидаги тангаларни сотишади. Улардан олиб қимматга сотишни хомхаёл қилганлар ўртада пулига куйиб қолишади. Шов-шув тарқатиб, ҳаммани васвасага солган фирибгарлар пул қилиб қолишади”, дея таъкидлаган Даврон Исматов.