2022 йил 24 феврал куни Москва вақти билан соат 5:30 атрофида Россия телеканаллари эфирида РФ президенти Владимир Путин чиқиш қилиб, «махсус ҳарбий амалиёт» бошлангани ҳақида эълон қилади. Аммо бу баёнотдан олдинроқ Россия армияси қисмлари Украинага бостириб киришни бошлаб юборганди. Украиналик чегарачи Ондрий Лернатович Россия қўшинлари билан биринчи бўлиб тўқнашганлардан бўлганди. У Украинадаги «Бабель» нашрига Луҳанск областининг Россия билан чегара ҳудудидаги хизмати ва Россия босқинининг илк кунлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Босқиндан бир йил олдин
2021 йили 33 ёшда бўлган Ондрий Лернатович Луҳанск областидаги Меловое посёлкасида чегара хизмати бўлимига раҳбарлик қиларди, Украина ва Россия ўртасидаги чегара ушбу қишлоқ кўчаларидан биридан ўтади. Унинг сўзларига кўра, у бу жой хизмат ўташ энг қийин нуқталардан бири эканини тушунган, аммо шунга рози бўлган.
2021 йили Лернатович амалда ўз хизмат хонасида яшаган. «Диванда ухлардим. Эрталаб соат олти яримда вазият ҳақида раҳбариятга ҳисобот берардим. Бир неча кунгача ухламасликка тўғри келган вақтлар ҳам бўлган», — дея ҳикоя қилади чегарачи.
Лернатович жавобгар бўлган ҳудуд Россия билан чегаранинг юз километрлик қисмини қамраб оларди, маҳаллий аҳоли бу ҳудудни «зеленка» деб атайди — бу ҳудуд чегара устунлари ўрнатилган дашт ва ўрмонзорлардан иборат бўлиб, «Меловое» назорат-ўтказиш пункти Украинанинг Меловое ва Россиянинг Чертково посёлкаларини ажратиб турувчи Халқлар дўстлиги кўчасида жойлашган. 2014 йилга қадар бу посёлкалар битта аҳоли яшаш манзили саналарди.
Босқиндан бир ҳафта олдин
2022 йил февралида, Лернатовичнинг ҳикоя қилишича, маҳаллий аҳоли украин чегарачиларига доимий равишда россияликларнинг ҳарбий манёврлари ҳақида маълумот етказиб турган. Ўшанда Чертково посёлкасида россиялик чегарачилар сони икки баробар ошиб кетади. Лернатовичнинг айтишича, улар зирҳли нимчаларда ва каскаларда, одатдагидан бошқачароқ қуроллар кўтариб юра бошлаган.
«Халқлар дўстлиги [кўчаси]га русларнинг [кунига] учта эмас, еттита наряди чиқа бошлади. Авваллари биз россиялик барча чегарачиларни юзидан танирдик. Энди эса мен бирор кишини танимадим», — дея эслайди Лернатович.
22 феврал куни Чертковони полиция, прокуратура ва Россиянинг бошқа давлат тузилмалари тарк этади. Шундан кейин Лернатович ва бошқа украин чегарачилари зирҳли нимчасини ечишмайди.




















