Журналист Карим Баҳриев, ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz’га берган интервюсида Россия-Украина уруши фонида ўзбек матбуоти мустақиллиги ва унда миллий манфаатлар ҳимоя қилинишининг даражасига ҳам баҳо берди.
— Давом этаётган уруш фонида Ўзбекистоннинг ахборот сиёсати мустақиллиги, суверенитетига қандай баҳо берасизлар?
Шунингдек, сизларга навбатни беришдан олдин ҳамма биладиган, сезадиган ва катта таҳлиллар талаб қилмайдиган бир ҳолатни ҳам айтишим керак. Бугун ўзбек жамиятида Россия босқинини оқлайдиган, уни қўллаб-қувватлайдиган қатлам афсуски, кам эмас. Бу энди Ўзбекистоннинг кўп йиллар рус пропагандаси таъсирида бўлгани ва Ўзбекистоннинг ўз ахбороти яратилмагани оқибати. Сизнингча, давлат одамларни шунга ўхшаш хавфли пропаганда таъсиридан ҳимоялаш, одамларда ахборотни тўғри синтез қилиш қобилиятини шакллантириш учун нималар қилиши керак?
Карим Баҳриев:

— Бу – чуқур ўйлантирадиган нарса. Сиз билан менинг суҳбатимиз ҳам шу ахборот сиёсатига киради. Масалан, МТРК биз истаган нарсани гапирмагани билан, юқоридаги кимдир истаган гапларни айтяпти.
Тезкор эмаслиги, юқоридан буйруқ кутиши бир муаммо. Масалан, хорижий ахборот воситаси текширувли материал эълон қилса, жавоби йўқлиги каби камчиликлари бор.
Украина масаласини бошқалар ёритяпти, лекин Ўзбекистон ТВси ва радиоси ҳеч нарса гапирмади. Бирор ҳафтадан кейин нейтраллик ҳақида гап чиқди, холос. Исталган ҳар қандай «тренд»даги мавзу чиқса, улар тепа нима деркан деб кутиб қолади. Нима дейиши ёзиб берилмагунча жим ўтиради.
Бундан ташқари, Kun.uz каби ахборот сайтлари бор, диний контент қилувчи сайтлар бор, четда бўлса ҳам мухолиф фикр билдирадиган ахборот берувчилар бор – булар ҳаммаси ахборот сиёсати ичига киради.
Давлат матбуоти давлат манфаатини ҳимоя қилади, хусусий матбуот эса эгасининг манфаатини ҳимоя қилади. Бизда жамият матбуоти йўқ. Масалан, BBC – Англияда жамоатчилик радиоси. АҚШда жамоатчилик телевидениеси бор. Солиқ берувчилар пулидан таъминланади. Улар ҳукуматни ҳам танқид қилади, чунки халқ пулига ишлаяпти. Биздагилар бюджетдан маблағ олади, аслида бу пул ҳам бизнинг солиқларимиздан. Лекин жамиятнинг матбуотга таъсир қилиш механизми йўқ. Халқ ўртасидаги обрўли шахс жамоатчилик кенгашини бошқарса ва матбуотга ҳам таъсир ўтказса, шунда матбуотга жамиятнинг таъсири бўлади.








