Кема ҳалокати «Италия этиги» учини акс эттирувчи Калабриянинг шарқий соҳилидаги Стеккато-Ди-Кутро денгиз курортига яқин ҳудудда рўй берган.

Италия ҳукумати қуруқлик ва денгизда кенг кўламли қидирув-қутқарув амалиёти бошлаган.

«Айни вақтга келиб 80 киши қутқарилган, жумладан қайиқ ҳалокатга учраганидан кейин соҳилга қадар сузиб келганлар ҳам», дейилади соҳил хавфсизлик хизмати хабарида.

Маълум бўлишича, бортида 150 нафарга яқин одам бўлган катта қайиқ соҳилга яқинлашиб, одамларни туширишга уринган вақтда қояга урилиб, ҳалокатга учраган.

Ўт ўчирувчилар ва бошқа қутқарув хизматлари гидроцикллар ёрдамида сувда қолганларни қидирмоқда, аммо қидирув ишларни ноқулай об-ҳаво шароити қийинлаштирмоқда.

Аввалроқ Италиядаги ANSA ахборот агентлиги пляжда 27 киши жасади топилгани, денгизда яна кўплаб жасадлар борлигини хабар қилганди. Ўт ўчирувчиларнинг расмий телеграм-каналида 28 жасад аниқлангани ҳақида хабар берилган.

Adnkronos ахборот агентлиги маълумотига кўра, кема бортида Эрон, Афғонистон, Сомали ва Покистондан бўлган меҳнат муҳожирлари кетаётганди.

Айримлар ҳалокатдан омон қолган. Фото: SHUTTERSTOCK

Италия бош вазири Жоржиа Мелони ҳодиса юзасидан «чуқур ҳамдардлик» билдириб, одамлар ҳалокати учун айбдорликни одам савдогарлари зиммасига  юклаган.

«Бош вазир Жоржиа Мелони одам савдогарлари туфайли кўплаб одамлар ҳаёти завол топганидан қайғуда. Эркаклар, аёллар ва болаларнинг ҳаётини улар хавфсиз саёҳат қилиш умидида тўлаган «чипта» нархига алмашиш инсонийликдан эмас», дейилади унинг идораси баёнотида.

«Ҳукумат мигрантлар саёҳати, бу билан бирга шу каби фожиаларнинг олдини олиш ҳаракатларини давом эттиради, бу биринчи навбатда бу одамлар келаётган мамлакатлар билан ҳамкорликни талаб этади», дейилган баёнотда.

«Бу ноқонуний миграция каналларига қарши қатъий ҳаракатлар зарурлигини кўрсатган улкан фожиа», деган Италия ички ишлар вазири Маттео Пьянтедози. Унинг сўзларига кўра, одам савдогарлари мигрантларга Европада «яхшироқ ҳаёт ҳақида хаёлий сароб» таклиф этиб, инсонлар ҳаёти эвазига фойда кўрмоқда.