Ўзбекистон | 17:23 / 27.02.2023
10726
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги туғуруқхонада она ва бола вафот этди

Аёлнинг турмуш ўртоғи фарзанди ва хотинининг ўлимида шифокорларни айбламоқда.

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги туғуруқхонада она ва чақалоқ вафот этган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда марҳуманинг эри томонидан чиқарилган видеода айтилган.

Бешқўтон маҳалласида яшовчи эркакнинг айтишича, у хотинини туғуруқ жараёни яқинлашгани сабабли шифохонага олиб борган. Ўша куни кечга бориб врачлар унга чақалоқ ва онанинг вафот этгани ҳақида айтишган.

Аёл 1991 йилда туғилган бўлиб, учта фарзанди бўлган. Аёл тўртинчи фарзандини туғиш учун туғуруқхонага борган. Ҳозирда эркак хотини ва боласининг ўлимида шифокорларни айбламоқда.

Қашқадарё вилоят прокуратураси матбуот котиби ҳодиса юзасидан маълумот берди. Унда айтилишича, аёлнинг аҳволи оғирлашиб, вафот этгани ҳолати юзасидан ҳозирда туман прокуратураси томонидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан тегишли экспертиза тайинланган. Текширувнинг бориши алоҳида назоратга олинган.

Аввалроқ, 2022 йил август ойида Шаҳрисабздаги туғуруқхонада бир ҳафтада учта чақалоқ вафот этганди.

Мавзуга оид