Зеленскийнинг маслаҳатчиси Украина армияси Бахмутдан «стратегик чекиниши» мумкинлигини айтди
Шу билан бирга, у Украинанинг қарши ҳужуми бошланиши яқин эканини қўшимча қилган.
Украина президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Олександр Роднянский CNN учун интервюсида украин ҳарбийлари Донецк областида кўп ойлардан буён жанглар кетаётган Бахмут шаҳридан «стратегик чекиниш»ни амалга ошириши мумкинлигини истисно этмади.
«Россия ҳозирда Бахмутни ўраб олишга ҳаракат қилмоқда ва бунинг учун улар «Вагнер» ХҲКнинг энг яхши бўлинмаларидан, яхши таълим кўрган ва энг тажрибали жангчиларидан фойдаланмоқда. Бизнинг ҳарбийлар барча вариантларни кўриб чиқади. Улар ҳозирча шаҳарни тутиб туришибди, аммо агар талаб этилса, улар стратегик чекинишлари мумкин, чунки биз барча одамларимизни шунчаки қурбон қилиб юбора олмаймиз», — деган Роднянский. Унинг сўзларига кўра, чекиниш ёки чекинмаслик қарорини украин ҳарбийларининг ўзи қабул қилиши керак бўлади.
Роднянский Бахмутдан ғарбдаги ҳудуд яхши ҳимоялангани ва шу туфайли Украина қуролли кучлари шаҳарни ташлаб чиққан тақдирда ҳам Россия кучлари тезлик билан олдинга силжий олмаслигини қайд этган «Шубҳа қилманг, бизнинг қарши ҳужумимизга узоқ қолмади», — дея қўшимча қилган у.
Украина мудофаа вазири Анна Маляр 28 феврал куни Бахмутга Украина армиясининг қўшимча бўлинмалари йўлланганини айтганди. Малярнинг таъкидлашича, Бахмутда қолиш-қолмаслик қарорини «сиёсий мотивларга эга бўлмаган» ҳарбийлар қабул қилади.
Украина президенти Володимир Зеленский эса шу куни видеомурожаатида энг оғир жанглар Бахмутда кетаётгани, Россия томони катта йўқотишларга учраётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, 23 февралдан 28 февралга қадар Бахмут атрофида 800 нафарга яқин россиялик ҳалок бўлган. «Россия одамларини умуман ҳисобламайди, уларни доимий равишда бизнинг позицияларимизни штурм қилиш учун юборади. Жанглар интенсивлиги фақат ошиб бормоқда», — деганди Зеленский.
28 феврал куни Bloomberg агентлиги хабар беришича, сўнгги ҳафталарда Украина ҳукуматида Бахмут қамали бўйича ёндашув ўзгара бошлаган. 2 феврал куни ҳам Володимир Зеленский Киев Бахмутни Россия кучларига таслим қилмаслигини айтаётганди. Уч ҳафтага яқин вақт ўтиб эса Зеленский Украина шаҳар учун курашни «бу фақат мантиққа тўғри келадиган вақтга қадар» давом эттиришини айтганди. «Биз учун уни ҳимоя қилиш муҳим, аммо ҳар қандай қурбонлик эвазига эмас», — деганди Украина президенти.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024