Бу Блинкен ва Лавровнинг уруш бошидан буён илк учрашуви бўлди. Улар охирги марта 2022 йил январида Женевада гаплашишганди.
Россия ТИВ расмийси Мария Захарова эса амалда ҳақиқий музокаралар бўлмагани ва Блинкен ўзи шундай контакт сўрагани ва Лавров у билан гаплашишга розилик берганини айтган.
Ҳиндистон бош вазири G20 давлатлари ташқи ишлар вазирларини келишмовчиликларни вақтинча бир четга суриб туришга чақирганига қарамай, Россиянинг Украинага тажовузи давом этаётгани билан боғлиқ ихтилоф Деҳлидаги музокаралар чоғида сезилиб турди.
«Биз чуқур глобал бўлиниш вақтида учрашмоқдамиз», деди Нарендра Моди ва йиғилган вазирларни умумий тил топишга ҳаракат қилишга чақирди.
Лекин Ҳиндистон бош вазири ва унинг жамоаси саъй-ҳаракатларига қарамай, учрашув бошланишидан олдинроқ уруш мавзуси биринчи планга чиқди.
«Бу уруш қораланиши керак. Мен умид қиламан ва ишонаманки, Ҳиндистон ўз дипломатик имкониятларидан фойдаланган ҳолда Россияга бу уруш якунланиши лозимлигини уқтиради», деди журналистларга саммит очилиши арафасида Европа иттифоқининг олий комиссари Жозеп Боррель.
Экспертларнинг сўзларига кўра, Деҳли қаршисида мураккаб вазифа турибди: қўшилмаслик сиёсати курсини давом эттириш ва шу билан бир вақтда бошқа мамлакатларни можарога барҳам берилишига ёрдам беришига ишонтириш.
Ҳозирга қадар Ҳиндистон Россияни тўғридан тўғри танқид қилишдан тийилиб келади ва БМТда Россия тажовузини қораловчи резолюцияларга овоз беришда бетараф қолади, чунки бу Деҳли учун қурол етказиб берувчи асосий мамлакат ҳисобланади.
Бундан ташқари, уруш бошланганидан ва Россияга қарши санкциялар қўлланганидан буён ўтган вақт ичида Ҳиндистон Россия нефтини харид қилиш ҳажмини сезиларли даражада оширган, бу орқали ўз иқтисодиёти учун катта фойда чиқариб олган, чунки бундай шароитда нефтни жиддий чегирма билан сотиб олмоқда.
Моди олдиндан мамлакатларнинг аксари Украинадаги урушни қоралаши, аммо «катта йигирматалик» саммити тўғрисидаги сўнгги таассурот Россия ва АҚШ томонидан ваъда қилинган матбуот анжумани асосида шаклланиши, бу эса яна бир бор «катта йигирматалик» аъзолари орасида туб келишмовчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатиб қўйишини таъкидлаганди.
Энтони Блинкен аллақачон Россиянинг «асоссиз ва оқлаб бўлмас» уруши «катта йигирматалик» саммитини сояда қолдирганини қайд этди, Сергей Лавров эса яна бир бор Ғарб Украина буғдойи экспортига имкон берувчи келишувни «йўққа чиқаришга урингани» ҳақида гапирди.
«Катта йигирматалик»нинг бугунги сессиясида Ҳиндистон (ушбу мамлакат айни вақтда G20’га раислик қилмоқда) учун устувор масалалар - озиқ-овқат хавфсизлиги, тараққиёт ва ҳамкорлик, терроризм билан кураш ва инсонпарварлик ёрдамлари масалалари муҳокама қилинмоқда.







