Украинада урушнинг 374-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Москвада аёл киши Украина қуролли кучларига молиявий ёрдам беришда гумонланиб қўлга олинди. Унга давлатга хиёнат қилиш бўйича иш очилган, у 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қўлга олинган аёл шахси ва бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
  • Сергей Шойгу Россиянинг Украинада жанг қилаётган «Восток» гуруҳини текширди. РФ мудофаа вазирлиги эълон қилган видеода Шойгу вертолёт бортида, кейин аҳоли яшаш пунктидаги кўчада ва бино ичкарисида ҳарбийлар даврасида акс этган. Бу видео қачон ва қаерда олинганини оператив аниқлаш имконсиз.
  • Astra ва Baza манбалари Белгород областидаги «Транснефт» нефт қувури нимстанциясига камикадзе дрони билан зарба берилганини хабар қилди. Дрон нефт маҳсулотлари сақланадиган, лекин ҳужум вақтида бўш турган резервуарга урилган, жабрланганлар йўқ.
  • Украинага Европарламент раҳбари Роберт Метсола ташриф буюрди. У Лвивда Володимир Зеленский билан учрашди. Зеленский Киев Украинанинг ЕИга аъзолиги бўйича музокараларни шу йилдаёқ бошлашни хоҳлашини айтди.
  • 2 март куни Запорижжяга берилган ракета зарбаси қурбонлари сони 13 нафарга етди.
  • Украина ҳукумати «Россия кўнгиллилар корпуси»нинг Брянск областидаги амалиётидан хабардор бўлган, бу ҳақда гуруҳ командири Денис Капустин маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, акциядан мақсад чегара Россия томонидан қанчалик ёмон қўриқланишини кўрсатиш, шунингдек Россия аҳолисини режимга қарши илҳомлантириш бўлган.

Кун кадри. Часив Яр

Британия разведкасига кўра, Украина қуролли кучлари Донецк областидаги Бахмут шаҳрини мудофаа қилиши тобора қийинлашмоқда, Россия армияси бу шаҳарни эгаллаш учун ўтган йил ёзидан буён ҳужум қилмоқда. Украина қўмондонлиги мудофаани кучайтирмоқда ва ҳудудга элита қисмларини юбормоқда, аммо РФ қўшини шаҳар томон силжишда давом этмоқда. Украина армияси таъминот йўллари эса борган сари чекланмоқда.

Бундай йўллардан бири Бахмутдан 13 километр ғарбдан Часив Яр шаҳри орқали ўтади. Шу кунларда Россия кучлари Бахмутни Часив Яр билан боғловчи асосий йўлдаги кўприкни портлатган. Часив Ярнинг ўзи ҳам мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, шаҳар аҳолисининг асосий қисми эвакуация қилинган, аммо шаҳарда одамлар қолиши давом этмоқда.

Часив Ярда авиазарбалар овозини эшитиб йиғлаётган аёл
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA