Тошкент тиббиёт академиясига Россиянинг Блохин номидаги онкология миллий тиббиёт илмий тадқиқот маркази делегацияси ташриф буюрди.

Жорий йилнинг 4-7 март кунлари делегация аъзолари томонидан академия талабаларига дарслар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар ўтказилади.

Биз халқаро даражадаги онколог шифокорлар билан ҳамкорлик доирасида Тошкент тиббиёт академиясига келдик. Умумий тиббиёт мактабидан келиб чиққан ҳолда умумий тил қадриятларига эга, умумий маданий қадриятларга эга халқлар сифатида ушбу академия билан кўп йиллар давомида ҳамкорлигимиз давом этиб келади.

Делегация таркибида Блохин номидаги онкология миллий тиббиёт илмий тадқиқот маркази раҳбари ва етакчи мутахассислари бор. Айни пайтда тўртта аудиторияда талабаларга дарс ўтяпмиз.

Саратоннинг барча турлари, жумладан, кўкрак бези саратони хасталигининг келиб чиқиш сабаблари ва даволаш усуллари юзасидан чуқурроқ ёндашув олиб бормоқчимиз.

Бу онкологларимизнинг Тошкент тиббиёт академиясига биринчи ташрифи эмас ва бундан кейин ҳам кўп ташрифлар ва тажриба алмашишлар бўлади”, – деди Блохин номидаги онкология миллий тиббиёт илмий тадқиқот маркази мутахассиси Александр Петровский.

Меҳмонлар ТТА қошидаги клиника ва марказларда талабаларга мастер-класслар ўтишади. Бу ҳақда академиянинг Урология кафедраси профессори Шуҳрат Ғиёсов шундай деди:

“Москвалик 8 нафар тажрибали онкологлар академиядаги магистр ва бакалаврларимизга дарс ўтишмоқда. Бу дарсларда онкологиянинг энг катта муаммолари, беморларни даволашнинг замонавий усуллари муҳокама қилинади. Блохин номидаги онкология миллий тиббиёт илмий тадқиқот маркази директор ўринбосари профессор Всеволод Матвеев томонидан бизнинг урология кафедрамизда ҳам шундай анжуман ўтказиляпти.

Бу ҳамкорликдан талабалар биринчи ўринда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишади. Улар олаётган билимларини янада мустаҳкамлашларига ёрдам беради. Онкология касалликларнинг турли босқичларида уларни аниқлаш ва даволаш услубларини ўз кўзлари билан кўриб амалга оширишади”.

Етакчи экспертларнинг бундай ташрифлари ТТАда мунтазам йўлга қўйилган. Сўнгги икки йил ичида 300 дан ортиқ хорижлик профессор-ўқитувчилар ва халқаро экспертлар академияда амалиётларда бевосита иштирок этишмоқда.

Тошкент тиббиёт академиясининг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш даражаси ва сифатини мувофиқлаштириш, олий тиббий таълимнинг замонавий жаҳон стандартларига эга бўлиши университетнинг устувор йўналишларидан биридир.

Реклама