2 март куни TBC Group ҳамда оммавий ахборот воситалари даврасида пресс-бранч бўлиб ўтди. Унда банкнинг 2022 йилда эришган ютуқлари: TBC Bank’да яратилган янги экотизим, Payme билан ҳамкорликнинг янги қирралари, сифатли хизматлар, янада соддалаштирилган банк хизматлари шартномалари, CSR лойиҳалар ва бошқалар ҳақида маълумот берилди.

Ижобий молиявий натижага эришиш TBC Bankʼнинг 2022 йилдаги муҳим ютуғи бўлди. Банкнинг бизнес-режасига мувофиқ, ушбу натижага бозордаги фаолиятнинг учинчи йилида эришилиши керак эди. Бироқ фаол чора-тадбирлар ва муваффақиятли тижорий фаолият маррани анча олдин забт этишга ёрдам берди. Шу сабабли 2022 йилни компания учун омадли келди, дейиш мумкин. 2023 йилнинг дастлабки ойларида ҳам TBC Bank ижобий молиявий динамика қайд этди. 

Компания кузатув кенгаши раиси Ника Курдиани бу борада рақамли хизмат кўрсатилиши мижозлар томонидан яхши қабул қилинганини айтди:

“Payme билан ҳамкорлигимиз натижасида бу TBC Group экотизимининг ажралмас қисмига айланди. TBC Bank ва Payme биргаликда мижозларга яратилган қулайликлар уларнинг садоқати ва муҳаббатини оширди. Компаниялар бирлашмаслиги мумкин, лекин улардан фойдаланувчи битта бўлади. Ҳозирги кунда биздан рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 10 миллиондан ошади”, — дейди у.

Учрашувда TBC Bank яратган яна бир янгилик – соддалаштирилган банк шартномалари бўлди. Банк мижозига айланиш жараёнида шартномани ўқиб чиқиш учун нақ 6 соат вақт сарфлаш керак эди. Чунки бу шартнома 43 саҳифадан иборат. Мутахассислар уни қайтадан ишлашди ва бу энди бор-йўғи 10 дақиқа вақтни олади. Шартнома ҳамма тушунадиган, мураккаб терминларсиз, қисқа ва лўнда шаклга келтирилди.

Банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ситора Тўлаганова ҳужжатларни қисқартириш ва тушунарли бўлиши бошқа ташкилотлар учун ҳам ўрнак бўлишини таъкидлади:

“Шартноманинг соддалаштирилиши нафақат банк мижозлари ишини осонлаштиради, балки ташкилот ишини янада шаффоф қилади. Умумий шартлардан фойдаланиш саводхонлигини оширади, мижозларнинг банкка ишончини ошириб, келгусида яна бизнинг хизматларимиздан фойдаланиш учун асос яратади. Бу лойиҳамиз ҳуқуқшунослик тизимида ютуқ бўлиб, кўплаб ташкилотлар учун намуна бўла олади”, – дея таъкидлади Тўлаганова.